Халқаро шахмат федерацияси президенти Самарқандда сайланади
Кирсан Илюмжинов.
Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) собиқ раҳбари Кирсан Илюмжинов шахмат оламини тарк этишини маълум қилди.
У «Коммерсант» нашрига берган интервюсида ташкилот раҳбарлиги учун ўтадиган сайловларда қатнашмаслигини, ушбу соҳадаги фаолиятига бутунлай якун ясаб, ўз лойиҳалари билан шуғулланишини билдирди.
«Номзодларга қараб туриб, ким билан рақобатлашаман, деб ўйлаб қолдим. Мен шахмат учун ҳамма нарсани қилиб бўлдим: 1990-йиллардаги бўлинишдан кейин шахмат оламини бирлаштирдим, бу спорт турининг Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинишига эришдим. Сайловолди жараёнларини кўз олдимга келтириб, бир сувга қайта тушишни истамаслигимни англадим», — деди Илюмжинов.
У 64 ёшдалиги рамзий маънога эга эканини қўшимча қилиб, «Шахмат тахтасидаги барча катакларни босиб ўтдим», — деди.
Аввалроқ FIDE президентлиги учун сайловда унинг амалдаги раҳбари Аркадий Дворкович қатнашмаслигини айтганди. У Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилгани сабабли «ташкилотни хатарга қўймаслик»ка қарор қилган. «Коммерсант» нашрига кўра, шу тариқа сўнгги 30 йилдан ортиқ вақт ичида илк бор ташкилотга россиялик бўлмаган вакил раҳбарлик қилади.
Ушбу лавозимга германиялик тадбиркорлар Вадим Розенштейн ва Ян Ҳенрик Бюттнер, шунингдек, Қозоғистон шахмат федерацияси раҳбари ҳамда «Freedom Holding Corp.» асосчиси Тимур Турлов даъвогарлик қилмоқда. Сайлов шу йилнинг сентябр ойи охирида Самарқанддаги FIDE Бош ассамблеяси доирасида ўтказилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter