Хорижда муаммога учраган ўзбекистонликлар учун махсус жамғарма ташкил этилиши мумкин
Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, Туризм қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Хавфсиз туризм» жамғармасини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Лойиҳада қайд этилишича, жамғарма чиқиш туризми вақтида чет элда муаммога дуч келган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Жумладан, жамғарма маблағлари ҳисобидан туроператор ёки турагентнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида туристларга етказилган моддий зарарни қоплаш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда фуқароларни вақтинча жойлаштириш, озиқ-овқат, транспорт, алоқа, эвакуация ва репатриация билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш назарда тутилган.
Маблағлар суд қарори, турист ёки унинг қонуний вакилининг мурожаати, шунингдек, Туризм қўмитасининг асослантирилган қарорига мувофиқ сарфланиши белгиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжат ҳозирча Ҳукумат қарори лойиҳаси бўлиб, ҳали қабул қилинмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter