Юз минглаб европалик норозилик намойишига чиқди – сабаб бир хил

Намойишчилар Италия ҳукуматидан Фаластин давлатини тан олишни ҳам талаб қилмоқда.
Европа давлатлари бўйлаб Исроилнинг Ғазо секторидаги хунрезлигига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда.
“Euronews” телеканали хабар беришича, Фаластинни қўллаб-қувватлашга қаратилган намойишлар Римдан Лиссабонга қадар давом этмоқда.
Биргина Италия пойтахти Рим шаҳрида жума куни икки миллион, шанба куни эса бир миллионга яқин киши намойишга чиққан. Итальянлар Ғазога инсонпарварлик кўмагини олиб бораётган “Озодлик флотилияси” кемаларининг Исроил томонидан зўрлик йўли билан тўхтатилиши ва турли давлат вакиллари бўлган фаолларнинг қамоққа олинишига кескин норозилик билдирган.
Италияда бир неч кундан буён давом этаётган иш ташлаш ва намойишлар мамлакат иқтисодиётини фалаж ҳолга келтираётгани айтилмоқда. Яқинда Буюк Британия, Франция каби Европанинг етакчи давлатлари Фаластин давлатини расман тан олган эди. Мухолифат ва намойишчилар Фаластин давлатини тан олмагани, боз устига, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини кескин қораламаётгани учун Италия бош вазири Жоржа Мелонини танқид қилмоқда. Мелони ҳукуматидан Ғазо секторидаги фожиа юзасидан қатъий позицияда бўлиш талаб этилмоқда.
Яқиндагина Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олган Португалия пойтахти Лиссабонда ҳам Исроил агрессиясига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Барселона, Афина ва бошқа шаҳарларда ҳам жабрдийда фаластинликларни қўллаб-қувватловчи тадбирлар ташкил этилмоқда. Масалан, Барселона кўчаларини тўлдирган намойишчилар “Ғазо қалбимда оғриқ уйғотмоқда!”, “Геноцидни тўхтатинг!”, “Флотилиядан қўлингни торт!” каби шиорларни кўтариб чиққан.
Аввал хабар берганимиздек, АҚШ президенти Доналд Трамп ҲАМАС гуруҳига Ғазо секторидаги урушни тугатиш бўйича Вашингтон таклиф қилган келишувни қабул қилиш учун якшанбага қадар муҳлат берган эди.
4 октябрга ўтар кечаси ҲАМАС АҚШ таклифига мувофиқ барча гаровдагиларни озод қилиш ва келишувнинг бошқа бандларини муҳокама қилишга тайёр эканини маълум қилди.
Бунинг ортидан президент Трамп Яқин Шарқдаги тинчлик ўрнатиш бўйича тарихий имконият юзага келаётгани ҳақида баёнот берди ва Исроилни Ғазо секторини бомбардимон қилишни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
Бу орада Исроил раҳбарияти Оқ уй чақириғига жавобан ўз армиясига Ғазо шаҳрини эгаллаш бўйича амалиётни тўхтатишни буюргани маълум бўлди.
Аммо жаҳон матбуоти хабар беришича, Трампнинг чақириғига қарамай, Исроил армияси Ғазо секторини бомбардимон қилишда давом этмоқда. Трампнинг тинчлик ҳақидаги баёнотидан кейин ҳам Ғазо секторида камида 70 нафар фаластинлик ўлдирилган.
Расмий рақамларга қараганда, Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган нотенг урушда 67074 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.
ЮНИСЕФга кўра, сўнгги 22 ой ичида ҳалок бўлган болалар сони 18 мингдан ортиб кетди.
Жорий йил сентябрь ойида БМТ комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.
Исроилдаги икки етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилоти — B'Tselem ҳамда Physicians for Human Rights ҳам Нетаняҳу ҳукуматини фаластинликларга нисбатан геноцид содир этишда айбламоқда. Ҳисоботда Исроил армияси содир этган жиноятлар, жумладан, минглаб болалар, аёллар ва кексаларнинг ўлдирилиши, мажбурий кўчиришлар, уй ва тураржойларнинг йўқ қилиниши, шифохоналарнинг вайрон этилиши, очарчиликнинг юзага келтирилиши батафсил тасвирланган.
Халқаро ташкилотлар қирғинбарот давом этар экан, фаластинлик тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар сони шиддат билан ошиб бораётгани, ғазоликлар очлик, ташналик ва хасталиклар туфайли ҳам вафот этаётгани ҳақида бонг урмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter