Зарафшон дарёсида Тожикистон томони билан ҳамкорликда иккита ГЭС қурилади
Ўзбекистон ва Тожикистон иштирокида Зарафшон дарёсида Ёвон ва Фондарё ГЭСлари қурилади.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Марказий Осиё янги давр остонасида» сарлавҳали мақоласида гап боради.
Давлат раҳбари мазкур ГЭСлар ҳақида тўхталиб, айни пайтда бу борадаги ҳамкорлик ишлари олдинга силжиётганини таъкидлаган. Шу билан бирга, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида Баҳри Тожик сув омборини вегетация даврида келишилган тартибда ишлатиш бўйича келишувларга ҳам эришилган.
«Илгари кескин келишмовчилик ва зиддиятларга сабаб бўлиб келган сув-энергетика соҳасида ҳам принципиал ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги битим минтақанинг сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш амалиётида янги саҳифа очгани қардошларча ҳамкорликнинг ёрқин далилидир», – деб ёзади давлат раҳбари.
Бундан ташқари, Тошкент ва Бишкек ўртасида Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги келишув «оқилона муросага мисол бўла олиши» таъкидланади.
Мақолада, шунингдек, Туркманистон билан ҳам ҳукуматлараро битим доирасида Амударё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича келишувга эришилгани, бу сув ресурсларини биргаликда бошқаришни яхшилайди ҳамда экологик муаммолар хавфини камайтириши айтилади.
«Буларнинг барчаси ишонч, ўзаро манфаатдорлик ва умумий ресурсларга адолатли ёндашувга асосланган янги ҳамкорлик руҳини шакллантирмоқда. Бундай лойиҳалар аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва минтақанинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очмоқда», – деб ёзади Президент.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter