Марказий Осиё ва Озарбайжон етакчилари Ислом цивилизацияси марказини бориб кўришди
Президентлар Усмон Мусҳафи сақланаётган Қуръони карим залида бўлди, бошқа залларда эса Марказий Осиёдан етишиб чиққан алломалар меросининг ёритилиши, шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар ва бошқа сулолалар даврига оид экспонатлар билан танишди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Тошкентга келган минтақа мамлакатлари ва Озарбайжон президентлари Ўзбекистон президенти билан биргаликда Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази билан танишди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида мусулмон оламининг бебаҳо маънавий дурдонаси саналган Усмон Мусҳафи сақланаётган Қуръони карим залига ташриф буюрди.
Қуръоннинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири бўлган ушбу нодир манба улкан тарихий ва маданий аҳамиятга эга бўлиб, минтақа халқларининг цивилизациявий ўзига хослигини шакллантирган чамбарчас маънавий ришталарни ифода этади.
Етакчилар, шунингдек, “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” бўлимлари билан ҳам танишди.

Уларда буюк алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа улуғ уламоларнинг бой илмий ва маънавий мероси кенг ёритилган. Кўргазмада сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар ва бошқа сулолалар даврига оид қўлёзма нашрлар ва уларнинг қадимги ўзбек тилига таржималари ҳам бор.
Етакчилар минтақа мамлакатлари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий лойиҳаларни илгари суриш ва умумий гуманитар қадриятларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.

Минтақанинг бой умумий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш борасидаги Ўзбекистоннинг кенг кўламли саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter