Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Парагвай президентлари қўшма баёнот имзоладилар

Ўзбекистон ва Парагвай президентлари қўшма баёнот имзоладилар

Фото: Президент матбуот хизмати.

Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Парагвай Республикаси Президенти Сантяго Пеня Қўшма баёнотни имзоладилар.

Шунингдек, етакчилар ҳузурида Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши доирасида бозорга кириш масалалари бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисидаги баённома тузилди. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашув механизмини йўлга қўйиш тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон етакчиси Парагвай раҳбарини самимий қутлар экан, Лотин Америкаси давлати Президенти томонидан Ўзбекистонга илк бор амалга оширилаётган ушбу ташриф тарихий аҳамиятга эга эканини қайд этди. Мазкур саммит икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришда янги даврни бошлаб бериши таъкидланди.

Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодиёт, маданий-гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Ўзаро савдони кўпайтириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, рақамлаштириш, туризм ҳамда спорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва ўзаро манфаатли соҳаларда амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқладилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг