Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қатор давлатлар етакчилари Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан табриклади

Қатор давлатлар етакчилари Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июл куни қатор давлат раҳбарлари ва сиёсий арбоблар билан мулоқот ўтказди.

Дастлаб давлатимиз раҳбари Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, дўст Ўзбекистон халқининг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш йўлида битмас-туганмас куч-ғайрат ва янги зафарлар тилади.

Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президентининг саъй-ҳаракатлари туфайли бугун мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан дадил илгарилаб, халқаро майдондаги нуфузини изчил мустаҳкамлаб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Суҳбатда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар Тожикистон Президентининг жорий йил 26-27 март кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвеститсиявий соҳаларда эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Етакчилар минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак учрашувлар режасини муҳокама қилдилар.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва қардош Ўзбекистон халқи фаровонлиги йўлидаги давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.

Мулоқот давомида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Барча йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръати ортиб бораётгани, жумладан, товар айирбошлаш ҳажми ошаётгани, устувор тармоқларда муҳим кооперация лойиҳалари илгари сурилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Давлат раҳбарлари минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.

Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Озарбайжон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига эса тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Турли даражалардаги мулоқотлар давом этмоқда. Ўтган ҳафта Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган қўшма Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларининг самарали якунлари мамнуният билан қайд этилди.

Бўлажак олий даражадаги саммитга пухта тайёргарлик кўриш, унинг иқтисодий кун тартибини аниқ лойиҳалар ва дастурлар билан бойитиш муҳимлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Қирғизистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни муносабати билан самимий қутлаб, унга чин дилдан мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.

Садир Жапаров Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини юксак баҳолади.

Барча йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръати тобора ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми жадал ўсмоқда, саноат кооперацияси лойиҳалари, жумладан, ишга туширилган Қўшма жамғарма доирасида амалга оширилмоқда. Йирик минтақавий инфратузилма лойиҳалари бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Бўлажак олий даражадаги саммит кун тартибини, аввало, савдо-иқтисодий соҳада пухта тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида Эрон Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли фаолиятида янги зафарлар тилади.

Ўзбекистон етакчиси Яқин Шарқ минтақасида кескинлик давом этаётганидан жиддий ташвиш билдириб, айни пайтда вазминликни сақлаш ва мулоқотни қайта тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.

Телефон суҳбати давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Эрон етакчилари кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

 Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида Беларусь етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлиқ, туганмас куч-ғайрат, давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилади.

Ўзбекистон – Беларусь стратегик шериклик муносабатларини Ўзбекистон Президентининг жорий йил 8-9 июль кунлари Минск шаҳрига амалга оширган расмий ташрифида эришилган келишувларни бажариш доирасида янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Турли даражаларда самарали мулоқотлар олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Фаол тус олган ҳудудлараро ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида Ираклий Кобахидзе давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, дўст Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.

Мулоқот давомида Ўзбекистон – Грузия стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг 2-3 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Грузияга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида Россия етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан дилдан қутлаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, дўст Ўзбекистон халқининг фаровонлиги йўлидаги фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.

Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Россия ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичларининг ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, устувор йўналишларда етакчи корхона ва компанияларнинг кооперация лойиҳаларини илгари суриш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Маданий-гуманитар алмашинув фаол давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон ва Россия етакчилари бўлажак икки томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан телефон орқали мулоқот қилди.

Федерация Кенгаши Раиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва янги муваффақиятлар тилади.

Икки мамлакат парламентларининг Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган самарали ҳамкорлиги катта мамнуният билан қайд этилди.

Олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши устидан парламент назоратини таъминлаш, саноат кооперацияси, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш бўйича фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Нурсултон Назарбоев мамлакатимиз етакчисини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга чин дилдан мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик, барқарор тараққиёт ва фаровонлик тилакларини изҳор этди.

Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари бугунги кунда юксак даражага кўтарилгани ҳамда барча устувор йўналишларда кўп қиррали ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич телефон орқали мулоқот қилдилар.

Сербия Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон – Сербия кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ўтган йилнинг октябрь ойида Сербия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инфратузилма, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамда туризм ва тартибли меҳнат миграцияси йўналишларида ҳамкорликни изчил ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Бўлажак қўшма тадбирлар режаси, хусусан, Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон делегациясининг Белград шаҳрида бўлажак “EXPO-2027” халқаро кўргазмасида иштирок этиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот ўтказди.

Суҳбат аввалида Туркия Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида янги зафарлар тилади.

Қардош мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, ҳамкорликнинг юқори суръатларда ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Товар айирбошлаш ҳажми ўсмоқда, қўшма корхоналар сони ва мунтазам авиақатновлар кўпайиб, истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шунингдек, маданий-гуманитар тадбирлар ҳам фаол давом этяпти. Жумладан, Хатайда Ўзбекистонга бағишланган мажмуалар очилди, Намангандаги Халқаро мақом санъати фестивали ва Ислом цивилизацияси форумида Туркия томони юқори даражада қатнашди.

Мулоқотда олий даражадаги келишувлар доирасида олдинда турган улкан режа ва мақсадларни биргаликда рўёбга чиқариш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.

Давлатимиз раҳбари Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни таклиф этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг