Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркий давлатлар ташкилоти: тарих ва бугун

Туркий давлатлар ташкилоти: тарих ва бугун

Туркий давлатлар йиғилишини ташкиллаштириш ташаббуси билан 1991-1992 йилда Туркия Республикаси чиққан ва 1992 йилда мазкур форматдаги биринчи саммит Анқара шаҳрида ўтказилган.

Шундан сўнг 1994 йилда Истанбулда, 1995 й. – Бишкекда, 1996 й. – Тошкентда, 1998 й. Остонада, 2000 й. – Бокуда, 2001 й. – Истанбулда, 2006 й. – Анталияда ва 2009 й. – Нахичеванда шу каби саммитлар бўлиб ўтди.

Айнан Нахичеван шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисида»ги Нахичеван битими имзоланиб, мазкур йиғилиш форматидаги учрашувлар кенгаш шаклига айлантирилди.

2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди ва бу ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди.

2021 йил 12 ноябрь куни Истанбул шаҳида мазкур кенгашнинг 8-саммитида «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши» – «Туркий давлатлар ташкилоти»га айлантирилди.

Айни пайтда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатларнинг аҳолиси тахминан 150 миллион кишини ташкил этади. Улар 4 миллион 200 минг квадрат километрлик катта ва муҳим геосиёсий ҳудудда жойлашган. Ташкилотга аъзо давлатларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни ҳам жуда салмоқли ҳисобланади.

ТДТ Штаб-квартираси Истанбул шаҳрида жойлашган.

ТДТнинг асосий мақсади – ташкилот иштирокчилари (Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон) ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш.

Ташкилотнинг вазифалари

  • томонлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш;
  • минтақада ва унинг ташқарисида тинчликни таъминлаш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш;
  • ташқи сиёсат масалалари бўйича умумий позицияларни қабул қилиш;
  • умумий мақсадларга тааллуқли барча соҳаларда самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш;
  • аъзо давлатлар ўртасида савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш;
  • қонун устуворлигини таъминлаш, самарали бошқарув ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилиш;
  • фан, техника, таълим ва маданият соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш;
  • оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни ва мулоқотни ривожлантириш;
  • ҳуқуқиймасалаларбўйичаахбороталмашинувигакўмаклашиш.

ТДТ – кузатувчилари: Венгрия (2018 йилдан бери), Туркманистон (2021 йилдан бери).

Туркий давлатлар ташкилий тузилмаси

Давлат раҳбарлари кенгаши – ташкилотнинг олий органи бўлиб ўз фаолиятини мунтазам учрашувлар шаклида амалга оширади ва унинг доирасида:

  • долзарб халқаро муаммоларни ҳал этишда ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилинади;
  • ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланади;
  • ташкилот фаолияти таҳлил қилинади.

Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига (саммитга) мезбонлик қилувчи томон кейинги шундай мажлисга қадар Туркий давлатлар ташкилоти раиси саналади. Ҳозирги кунда ташкилот раиси – Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳисобланади.

Ташқи ишлар вазирлари кенгаши – ўз ваколатлари доирасида:

  • ташкилотнинг жорий фаолияти масалаларини кўриб чиқади;
  • Давлат раҳбарлари кенгаши мажлислари доирасида муҳокама қилиш учун энг долзарб халқаро муаммоларни белгилайди;
  • Котибиятнинг штат жадвалини ва молиявий ҳисоботини тасдиқлайди.

Юқори мансабдор шахслар қўмитаси – ҳар бир давлатдан камида битта вакилдан иборат таркибда тузилади. Қўмита ўз ваколатлари доирасида Котибият фаолиятини мувофиқлаштиради, Котибият томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатлар лойиҳаларини Ташқи ишлар вазирлари кенгашида тасдиқлаш (қабул қилиш)гача кўриб чиқади ва тасдиқлайди.

Оқсоқоллар кенгаши– Туркий давлатлар ташкилоти ҳузурида доимий фаолият юритувчи маслаҳат институти ҳисобланади.Туркий давлатлар ташкилотининг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга кўмаклашиш учун Томонлар ташкилотнинг доимий бошқарув органи бўлган Котибиятни ташкил этадилар.

Котибият ўз ваколатлари доирасида:

  • Давлат раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Юқори мансабдор шахслар қўмитаси мажлисларини, шунингдек, ташкилот шафелигида бошқа мажлисларни ўтказиш бўйича зарур маъмурий, ташкилий ва техник чораларни кўради; ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
  • ҳужжатлар архивини ташкил этади ва юритади.

Шунингдек, 2022 йил 27 апрелда Туркий давлатлар ташкилотининг Конституциявий судлар кенгаши ташкил қилинди.

Туркий давлатлар ташкилотининг ўзига хос жиҳатларидан бири, Нахичеван битимига кўра, ташкилотнинг ишчи тиллари унга аъзо давлатларнинг давлат тиллари, яъни озарбайжон, турк, қирғиз, қозоқ, ўзбек тили ҳисобланади.

Ташкилот фаолиятини жаҳон халқларига кенг миқёсда етказиш мақсадида инглиз тили ҳам ишчи тил сифатида белгиланган.

  • Туркий давлатлар ташкилоти шаъфелигида қуйидаги ташкилотлар ўз фаолиятини юритмоқда:
  • Халқаро туркий маданият ташкилоти (Турксой – Штаб-квартираси Анқарада);
  • Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси (ТуркПА – Штаб-квартираси Бокуда);
  • Халқаро туркий Академия (Штаб-квартираси Остонада);
  • Туркий маданият ва мерос жамғармаси (Штаб-квартираси Бокуда);
  • Туркий савдо-саноат палатаси (Штаб-квартираси Истанбулда);
  • Туркий инвестицион жамғармаси (Штаб-квартираси Истанбулда).

Туркий давлатлар ташкилотига аъзолик халқимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради. Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати чуқур ўйланганлиги, прагматик ва аниқ ечимларга асосланганлиги, демоктарик руҳда фуқароларнинг эҳтиёж ва манфаатларига жавоб бериши билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.

Хусусан, туркий мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим жиҳати ҳисобланади. ТДТ билан ҳамкорликнинг фаоллашуви юртимиз учун қўшни давлатлар билан ҳам, минтақадан ташқаридаги янги ҳамкорлар билан ҳам кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очади.

Бу, ўз навбатида, нафақат ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга, балки туркий тиллар, жумладан, ўзбек тилининг халқаро мақомини юксалтиришга хизмат қилади. Ташкилот ишида доимий аъзо сифатида иштирок этиш бизга халқаро майдонда ўз ташаббусларимизни илгари суриш, шунингдек, мамлакатимизнинг туркий-исломий тараққиёт марказларидан бири сифатидаги жаҳондаги нуфузи ва мақомини мустаҳкамлаш учун қўшимча сиёсий-дипломатик ресурсларни яратади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг