Болалар ҳақига ҳам ишламаган “қизил чизиқ”
Сўнгги вақтларда юз бераётган воқеалар, хусусан Фарғона ва Тошкент вилоятидаги оммавий заҳарланишлар, Чустдаги ҳолат, “Док-1 Макс” фожиаси бизда ҳатто болаларнинг овқати ва дорисига келганда ҳам “қизил чизиқ” ишламай қўйганини кўрсатмоқда.
“Жамиятда ҳеч бўлмаганда болани боғчага жўнатиш хавфсиз бўлиши керак.
Минг ёмон одам бўлсак ҳам, шу болаларнинг ҳақига, ейдиган овқатига келганда ҳеч бўлмаса виждонан ишлашимиз лозим.
Ахир қанақадир принцип, “қизил чизиқ” ҳам бўлиши керак-ку одамда.
Болаларни овқатига келганда, дорисига келганда ҳам ишламаса шу “қизил чизиқ”, қачон ишлайди унда?” деб ёзди иқтисодчи-журналист Баҳодир Абдуллаев.
Болаларга берилган заҳарли таом...
21 февраль куни Фарғона шаҳридаги 2, 58 ва 61-сонли давлат боғчаларида 62 нафар бола “ўткир диарея” ташхиси билан шифохонага ётқизилди. Қорин оғриғи, ич кетиши, ҳарорат кўтарилиши, кўнгил айниши… Болалар қанчалик азобланганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Маълум бўлишича, мазкур боғчаларга озиқ-овқатни Garden Catering Trade етказган. 2024 йилда компания “тажриба” сифатида Фарғона вилояти ҳоким қарори билан танланган. Эътибор беринг, компания давлат рўйхатидан ўтганига бир ой ҳам бўлмай туриб, тендерсиз юз миллиардлаб сўмлик шартномаларга эга бўлган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йил июль ойидаёқ қонунбузилишларни аниқлаган. Хусусан, давлат харидлари қонунчилиги бузилган деб топган. Аутсорсер камида бир йиллик тажрибага эга бўлиши керак эди. Аммо талаб қоғозда қолиб кетди.
Агентлик тақдимнома киритган. Ҳокимлик эса амалда чора кўриш ўрнига “отписка” билан чекланган.
62 нафар бола касалхонага тушгунча ҳеч ким жавобгарликни ҳис қилмади. “Калаванинг учи” 2024 йилдаёқ кўринган бўлса-да, ҳеч ким чора кўрмади.
Айтишларича, юз миллиардлаб шартномага эга чиққан бу компания вилоятдаги шаҳарлардан бирининг ҳокимига тегишли бўлган.
Бу ягона ҳолат эмас
Фарғонадаги боғча болаларининг заҳарланиши биринчи ҳолат эмас. Бундай нохуш ҳодисалар сўнгги йилларда бир неча бор кузатилди. Айниқса, Тошкент вилоятида ўтган йили содир бўлган ҳолат кўлами анча катта бўлганди.
Ўшанда салкам 2 минг бола заҳарланиш билан шифохоналарга мурожаат қилди. 694 нафар бола стационарда даволанди. 13 нафарининг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланди.
Оқибатда 7 киши қўлга олинди: икки нафар ишлаб чиқарувчи, қолганлари аутсорсинг компанияси вакиллари эди. Ўшанда ҳам минглаб болаларни заҳарлаган маҳсулот ишлаб чиқарган корхона эгаси собиқ ҳокимнинг ўғлига тегишли экани айтилганди.
Нега заҳарланишдан кейин ҳаракат бошланади? Нега бу ҳолат сабоқ бўлмади?
Унутилмаган фожиа: “Док-1 Макс”
2022 йил. Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган “Док-1 Макс” сиропи. Унинг оқибатида Ўзбекистонда камида 68 нафар бола ҳалок бўлди, 16 нафар бола ногиронга айланди.
Бу тизимли назоратнинг йўқолиши, дори бизнеси, сертификатлаш ва импорт устидан етарли текширув бўлмаганининг оғир оқибати эди. Айримлар қамалди, лекин юзга яқин оиланинг изтироби аримади. Уларга ҳалигача компенсация тўлаб берилмаган.
Шундан кейин ҳам “қизил чизиқ” чизилдими? Афсуски, йўқ.
Чуст воқеаси
2023 йил сентябрида мактаб ва боғчаларда йод профилактикаси бошланди. Орадан икки кун ўтиб, Наманган вилояти Чуст туманида 70 дан ортиқ бола заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилди.
Маълум бўлишича, болаларга берилган “Антиструмин” препарати 22 млрд сўмга тендерсиз харид қилинган. Жиноят иши қўзғатилди. Текширувлар бошланди.
Аммо яна ўша сценарий: Аввал болалар жабрланди. Кейин текширув, жиноят иши, баёнотлар...
Тизимли муаммо
Аслида бу алоҳида-алоҳида ҳодисалар эмас, бир занжирнинг ўзаро боғлиқ ҳалқалари.
Тендерсиз шартнома, талабга жавоб бермайдиган компания, коррупция, назоратсизлик, очкўзлик, виждонсизлик, масъулиятсизлик ва якунда жабрдийда болалар...
Аслида муаммо ўша қамалган бир нечта шахсларда ҳам эмас, муаммо тизимли “жавобгарлик ҳисси” ишламай қўйганида.
“Қизил чизиқ” қаерда?
Иқтисодчи-журналист айтганидек, агар ҳатто болалар таомида ҳам принцип ишламаса, дори-дармонида ҳам ишламаса, демак, муаммо оддий эмас. Бу жамиятимиздаги жиддий инсоний-ахлоқий инқироз дегани.
Жамиятда ҳеч бўлмаганида “бу боланинг ҳаққи-ку” деган “қизил чизиқ” бўлиши шарт. Ахир, ўша нобакорларнинг ҳам фарзандлари, набиралари бор бўлса керак.
Бу “қизил чизиқ”ни босиб ўтган мансабдор, тадбиркор, тизим қонун олдида-ку майли, виждон олдида қандай жавоб беришаркан?! Боғча ва мактабларни бизнес майдони, болаларни эса эксперимент воситаси қилишни бас қилинглар энди!
Шу оддий ҳақиқатни англамас эканмиз, ҳар галги жиноят ишлари ва қайсидир шахсларнинг ҳибслари навбатдаги фожиа ортидан келадиган кечиккан адолат бўлиб қолаверади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter