Илмий даража олишда чет тилидан имтиҳон топшириш талаби бекор қилинади
Президент фармонига мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб илмий даражалар бериш тизимида бир қатор амалиётлардан воз кечилади. Мақсад — илмий тадқиқотчилар учун ортиқча маъмурий тўсиқларни қисқартириш ва илмий фаолият самарадорлигини ошириш.
Энг эътиборли ўзгаришлардан бири — фан номзоди ва фан доктори даражалари учун чет тили бўйича малакавий имтиҳон топшириш талаби бекор қилиниши бўлди. Бу имтиёз мустақил изланувчиларга татбиқ этилмайди.
Шунингдек, диссертация мавзуларини Олий аттестация комиссиясида рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳимоя ҳақида расмий эълон бериш амалиёти ҳам тугатилади.
Фармон билан диссертацияларни етакчи ташкилотларда муҳокамадан ўтказиш тартиби ҳам бекор қилинди. Шунингдек, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги DSc диссертациялари бўйича монография нашр этиш талаби ҳам амалда бўлмайди.
Яна бир муҳим янгилик — диссертация авторефератини алоҳида чоп этиш амалиёти тугатилиши ҳисобланади. Илмий натижаларни амалиётга жорий этилганлиги ҳақида махсус хулоса олиш мажбурияти ҳам бекор қилинмоқда.
Фармонга кўра, Олий аттестация комиссияси ҳузуридаги эксперт кенгашлар томонидан диссертацияларни қўшимча илмий экспертизадан ўтказиш тартиби ҳам тугатилади. Бундан ташқари, ҳимоя қилинган диссертация бўйича илмий кенгаш қарорини Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқлаш амалиёти ҳам бекор қилинади.
Ислоҳотлар фақат талабларни қисқартириш билан чекланмайди. 2027 йилдан бошлаб илмий даража берувчи илмий кенгашлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий этилади.
Фармон билан таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига жалб қилинган хорижлик олимларнинг хорижда олган илмий даражаларини нострификация қилиш талаби ҳам бекор қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter