Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Турдимовга вазирликка ходимларни суҳбат асосида қабул қилиш ваколати берилди

Турдимовга вазирликка ходимларни суҳбат асосида қабул қилиш ваколати берилди

Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 19 октябрдаги ПҚ–380-сон қарори билан Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди. Ушбу қарор билан Таълим ва илм-фан вазирига 2027 йил 1 февралгача ходимларни тўғридан-тўғри суҳбат асосида ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилди.

Қарорга кўра, вазирлик таълим, илм-фан ва илмий фаолият соҳаларидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади. Ҳужжат билан вазирликда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва таълим тизимидаги муаммоларни аниқлашга қаратилган бир қатор механизмлар ҳам жорий этилади.

Вазирликда аутсорсинг асосида «Call-марказ» ташкил этилади. У аҳоли мурожаатлари, шикоятлари, таклифлари ва эътирозларини қабул қилиш, уларни тезкор кўриб чиқиш ҳамда тегишли ташкилотларга йўналтириш билан шуғулланади.

Шунингдек, аҳоли ва таълим-илм-фан тизими ходимлари билан мунтазам мулоқот ўрнатиш учун қайта алоқа тизими йўлга қўйилади. У орқали таълим хизматларининг сифати, оммабоплиги ва мавжуд муаммолар ҳақида тезкор ахборот олиш ҳамда уни таҳлил қилиш кўзда тутилган.

Вазир ҳузурида таълим олувчилар, талабалар, ота-оналар, педагоглар ва иш берувчилар вакилларидан иборат Таълим бўйича жамоатчилик кенгаши ҳам ташкил этилади.

Вазирлик ҳайъати 15 нафар аъзодан иборат бўлади. Унинг таркибига вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлик ҳузуридаги агентликлар директорлари, етакчи олий таълим ташкилотлари ректорлари, олимлар ва педагоглар киритилади.

Шунингдек, вазирлик ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Таълим ва илм-фан бўйича стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази ташкил этилади.

Президент Администрацияси ҳузурида эса Инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилади.

Қарорга мувофиқ, вазирлик ҳузурида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкил қилинади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Таълимни ривожлантириш маркази фаолияти тугатилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг