Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши ортмоқда

Рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши ортмоқда

Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, электрон ҳукумат тизимини кенгайтириш, ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларини интеграция қилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш масаласида ҳам Давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва хавфсизлик каби соҳаларда замонавий ечимларни жорий этишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. IT-парклар, технопарклар ва стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш механизмлари кенгайиб, ёшлар орасида IT ва сунъий интеллект соҳаларига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Умуман олганда, мамлакатимизда рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект йўналишларида глобал тенденцияларга мос равишда янги технологияларни жорий этиш, иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган устувор давлат сиёсати олиб бориляпти. Шу билан бирга, рақамли технологияларнинг иқтисодий ўсишга таъсирини аниқ баҳолаш ва рақамлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватловчи самарали механизмларни жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Мазкур йўналишда илғор хорижий тажрибани ўрганиш, хорижий эксперт ва консультантлар билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йили рақамли иқтисодиёт соҳасида катта тажрибага эга бўлган Хитой ахборот-коммуникация технологиялари академияси (CAICT) билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

CAICT томонидан Ўзбекистоннинг масъул давлат идоралари билан ҳамкорликда олиб борилган тадқиқотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси рақамли иқтисодиётини 2030 йилгача ривожлантириш режаси ҳисоботи ишлаб чиқилди. Ушбу ҳисобот натижалари 2024 йилда Хитойнинг Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган “Ҳисоблаш техникаси стандартлари ва иловалари бўйича халқаро симпозиум” (ISCT’24) доирасида расман эълон қилинди.

Ҳисоботда Ўзбекистон рақамли иқтисодиётининг ривожланиш жараёнлари рақамли инфратузилма, соҳаларни рақамлаштириш, рақамли бошқарув ва рақамли истеъдодлар каби бешта асосий йўналиш кесимида чуқур таҳлил қилинган.

Мазкур таҳлилларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг рақамли иқтисодиёти 2021–2023 йиллар давомида йиллик ўртача 26,5 фоизга ўсган бўлиб, рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши деярли 9 фоизни ташкил этган.

Келгусида ҳам хорижий ҳамкорлар билан мазкур йўналишдаги тадқиқотларни тизимли равишда давом эттириш ва улар асосида амалий чора-тадбирларни кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг