АҚШ ва Канада келиша олмади: 50 фоизлик бож кучга кирди
АҚШ ва Канада уч кунлик музокаралардан сўнг савдо келишувига эриша олмади. Шундан сўнг Вашингтон Канададан импорт қилинадиган айрим товарларга 50 фоизлик бож жорий этишини маълум қилди.
Доналд Трамп маъмуриятининг вакили маълум қилишича, умумий қиймати қарийб 20 миллиард доллар бўлган Канада товарларига божлар шанба куни ярим тунда кучга киради.
Канада бош вазири Марк Карни ҳам АҚШ билан савдо музокараларини тўхтатганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Оттава янги божлар жорий этилишига «доллар учун доллар» тамойили асосида, яъни мутаносиб жавоб қайтаради.
Вашингтонда уч кун давом этган музокараларда АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир ва Канада томонидан АҚШ билан савдо масалалари бўйича вазир Доминик Леблан иштирок этди.
АҚШ ва Канада ўртасидаги савдо музокаралари июл ойида, Трамп Канададан импорт қилинадиган айрим товарларга 50 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилгач, фаоллашган эди.
Ҳафта бошида Трамп ушбу божларни вақтинча тўхтатиб, икки томон ҳам яқин орада ҳар икки давлат учун «жуда фойдали» бўладиган савдо келишувини имзолаши мумкинлигини билдирган эди.
Бироқ жума куни Канада бош вазири АҚШ билан музокараларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилганини ва Канада музокарачиларига Оттавага қайтишни буюрганини маълум қилди.
«Улар музокаралар давомида сўнгги дақиқагача канадаликларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, виждонан ва астойдил ишладилар. Бироқ АҚШ томонидан таклиф этилган шартларга сўнгги дақиқада киритилган ўзгартишлар адолатсиз, иқтисодий жиҳатдан фойдасиз бўлди ва ҳар қандай келишувнинг ишончлилигига шубҳа туғдирди», — деди Карни.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter