Эрон раҳбари АҚШ ва Исроилдан товон пули талаб қилди
Эрон олий етакчиси АҚШ ва Исроилдан товон пули талаб қилди.
Теҳрон АҚШ ва Исроил ҳужумларидан кейин етказилган зарар учун компенсация ундирмоқчи. Бу ҳақда Олий раҳбар Можтаба Хоманаийнинг баёнотида айтилган, унинг матни маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган.
Унинг баёнотига кўра, Эрон халқи «аллақачон можарода ғалаба қозонган».
«Биз урушни истамаганмиз ва истамаймиз, лекин ҳеч қандай ҳолатда ҳам қонуний ҳуқуқларимиздан воз кечмаймиз», дейилади баёнотда.
Хоманаий шунингдек, Теҳрон Ҳўрмуз бўғозини бошқаришда «янги босқич»га ўтишини айтди. Ушбу йўналиш устидан назорат Эроннинг АҚШ билан музокаралардаги асосий шартларидан бири бўлиб қолмоқда.
Хоманаий фуқароларни «бир-бирларини қўллаб-қувватлашга ва душман манбаларга ишонмасликка» чақирди.
Доналд Трамп 9 апрел куни Truth Social тармоғида агар Теҳрон келишув шартларига риоя қилмаса, АҚШ Эронга қарши кучли зарбалар беришга тайёр эканлигини яна бир бор таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар «аввалгидан ҳам кенгроқ» бўлиши мумкин. У ядровий қуролдан тўлиқ воз кечишни ва Ҳўрмуз бўғозидан хавфсиз ўтишни талаб қилишини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, Америка кучлари ва техникаси ушбу талаблар бажарилмагунча минтақада қолади.
Яқинда Америка раҳбари «бутун цивилизацияни йўқ қилиш» билан таҳдид қилди, аммо тез орада Эронга қарши зарбаларни икки ҳафтага тўхтатишга тайёрлигини эълон қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter