Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тарбияланувчиларни урган боғча ходимаси ортидан муассаса фаолияти тўхтатиб қўйилди

Тарбияланувчиларни урган боғча ходимаси ортидан муассаса фаолияти тўхтатиб қўйилди

Бир муддат олдин ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳридаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотида болага нисбатан содир этилган жисмоний зўравонлик акс этган видеолавҳа тарқалган эди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 8 апрел куни Навоий шаҳрида жойлашган хусусий болалар боғчасида тарбиячи Э.Н. (2003 йилда туғилган аёл) вояга етмаган болалар Д.С. ва М.З.ларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, уларга жисмоний куч ишлатган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тарбиячининг номақбул ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Болага нисбатан қўпол хатти-ҳаракатлари факти Вилоят МТМТБ томонидан ўрганилиб, тарбиячи Э.Н билан тузилган меҳнат шартнома бекор қилинди, муассаса фаолияти ҳозирда тўхтатилди.

Болалар омбудсмани мазкур ҳолатнинг назоратга олинганини маълум қилиб, ўзининг айрим тавсиялари билан ҳам ўртоқлашмоқда.

Жумладан, идора мутасадди ташкилотлар бу каби зўравонлик ҳолатларни олдини олиш бўйича превентив чоралар ва тизимли назорат кучайтирилишига жиддий эътибор қаратиши зарурлигини айтмоқда.

Шунингдек, педагог ва тарбиячилар тегишли вазифа ёки лавозимга тайинланишидан аввал махсус психологик кўрикдан ўтказилиши керак. Номуносиб хулқли, бола соғлиғи учун хавфли шахслар таълим-тарбия муассасаларида фаолият юритишига йўл қўйиш мумкин эмас.

«Чунки таълим муассасаси бола учун тазйиқ ва қўрқув манбаи эмас, балки соғлом, хавфсиз ва дўстона муҳит макони бўлиши шарт», – дейилади ахборотда. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг