Германияда Усмоновга нисбатан санкцияларни бузиш бўйича қўзғатилган иш тўхтатилди
Германиянинг Мюнхен шаҳри прокуратураси тадбиркор, USM холдинги асосчиси Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бузиш гумони билан олиб борилган терговни тўхтатди. Бу ҳақда бизнесмен вакиллари маълум қилди.
Қарор Германия Жиноят-процессуал кодексининг 153a-моддасига мувофиқ қабул қилинган. Ушбу тартибга кўра, Усмонов ихтиёрий равишда хайрия мақсадларига пул ўтказишга рози бўлган.
«Тергов қайта очилмайди, Алишер Усмоновга нисбатан айбсизлик презумпцияси тўлиқ сақланади», – дейилади унинг ҳимоячилари баёнотида.
Тергов Германиянинг ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонунчилигига оид эҳтимолий қоидабузарликлар билан боғлиқ эди. Хусусан, 2022 йилда Бавариянинг Роттах-Эгерн ҳудудида жойлашган кўчмас мулкни қўриқлаш хизматлари хорижий компаниялар орқали тўлангани ва ушбу мулкий қийматлар Германиянинг Иқтисод ва экспорт назорати федерал идораси (BAFA)да декларация қилинмагани ҳақида гумонлар билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрида Франкфурт-на-Майне бош прокуратураси ҳам Алишер Усмоновга нисбатан пул ювиш гумони билан очилган терговни айблов қўймасдан тўхтатган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter