Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроил ва Ливан ўт очишни тўхтатишга келишди – Оқ уй

Исроил ва Ливан ўт очишни тўхтатишга келишди – Оқ уй

Исроил, Ливан ва АҚШ ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Оқ уй томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда маълум қилинди.

Ҳужжатга кўра, келишувнинг амал қилиши «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг ҳам ҳужумларни тўлиқ тўхтатишига боғлиқ. Шунингдек, гуруҳ жанубий Ливандаги Литани дарёсининг жанубий қисмида жойлашган кучларини ҳудуддан чиқариши кераклиги қайд этилган.

Баёнотда Исроил ва Ливан бир-бирига нисбатан душманлик нияти йўқлигини тасдиқлагани ҳамда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ҳал этилмаган масалаларни муҳокама қилиш ва кенг қамровли келишув устида ишлаш учун тўғридан-тўғри мулоқотларни давом эттиришга келишиб олгани таъкидланган.

Айни пайтда «Ҳизбуллоҳ» мазкур шартларни қабул қилган-қилмагани ҳақида расмий маълумот берилмаган. Бироқ АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ ҳаракатнинг юқори лавозимли вакиллари билан мулоқот қилганини ва улар Исроилга қарши ўт очишни тўхтатишга розилик билдирганини айтган эди.

Келишув ҳақидаги хабар эълон қилингач, жаҳон нефт бозорида ҳам маълум ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, АҚШ нефти нархи 0,8 фоизга арзонлашиб, бир баррели 95,23 долларга тушган бўлса, Brent маркали нефть 0,7 фоизга пасайиб, 97,10 доллардан сотилган.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, мазкур келишув Яқин Шарқдаги кескинликни юмшатиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши мумкин. Бироқ сўнгги кунларда Исроилнинг Ливан ҳудудига берган зарбалари ва Эрон билан АҚШ ўртасидаги зиддиятлар вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

Маълум қилинишича, Исроилнинг Ливандаги ҳарбий ҳаракатлари ортидан Эрон Вашингтон билан олиб борилаётган музокараларни тўхтатишини билдирган. Шу важдан Трамп Нетаняху билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳарбий ҳаракатларни камайтиришга чақирган.

Шу билан бирга, АҚШ ва Эрон ўртасида ҳам сўнгги кунларда бир неча ҳарбий тўқнашувлар қайд этилди. АҚШ Марказий қўмондонлиги Эрон томонидан учирилган айрим ракета ва дронлар йўқ қилинганини маълум қилган. Эрон эса ўз навбатида АҚШ ҳарбий объектларига зарбалар берганини иддао қилмоқда.

Кузатувчилар фикрича, Исроил–Ливан келишувининг тақдири кўп жиҳатдан «Ҳизбуллоҳ»нинг расмий позицияси ва минтақадаги бошқа томонларнинг кейинги қадамларига боғлиқ бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг