Нетаняҳу Ливан билан музокараларга рози бўлди. Аммо зарбалар давом этмоқда
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливан билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишга розилик билдирди. Бироқ шу билан бирга у Исроил армияси «Ҳизбуллоҳ»га қарши зарбаларни давом эттиришини маълум қилди.
Манбаларга кўра, Исроил ва Ливан ўртасидаги музокаралар келаси ҳафта Вашингтонда ўтказилиши мумкин.
Ҳозирги пайтда минтақада эълон қилинган вақтинчалик сулҳ мустаҳкам эмас. Исроил томони Бейрутга ҳужумларни кучайтирмоқда, Эрон эса Ҳўрмуз бўғози устидан назоратни сақлаб қолмоқда.
Шу билан бирга, Исломободда АҚШ ва Эрон ўртасида доимий келишувга эришиш бўйича музокаралар бошланган.
Сўнгги зарбалар Ливанда уруш бошланганидан бери энг қонли кун сифатида қайд этилди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рақамларга кўра, бир кун ичида 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Маълумот учун, аввалроқ Axios нашри Ливан ҳукумати ва АҚШ маъмурияти Исроилга мурожаат қилиб, келаси ҳафта бошланадиган тўғридан-тўғри музокаралар олдидан «Ҳизбуллоҳ»га қарши зарбаларни вақтинча тўхтатиб туришни сўрагани айтилганди. Оқ уй ҳозирча ушбу маълумот бўйича расмий изоҳ бергани йўқ.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter