ОАВ: Исроил яна Эронга зарба беришга тайёргарлик кўрмоқда
Исроил мудофаа кучлари штаб бошлиғи Эял Замир мамлакат қуролли кучларини юқори тайёргарлик ҳолатига келтиришни буюрди.
У яқин келажакда Эронга қарши ҳарбий операцияларни қайта бошланиши мумкинлигини истисно қилмади, деб хабар беради Исроилнинг Ynet нашри манбаларга таяниб.
Ynet манбаларига кўра, мудофаа кучлари Исроилнинг аввалги операцияларига ўхшаши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўрмоқда. Бундан ташқари, нашр манбаларининг қўшимча қилишича,«барча режалаштириш жараёнлари» тезлаштирилган.
Айни пайтда, Исроилнинг Ҳарбий разведка бошқармаси Эрондаги ҳарбий нишонлар рўйхатини тузмоқда, деб хабар беради Ynet. Нашрнинг хабар беришича, булар асосан ракета тизимлари ва учириш мосламаларини ўз ичига олади.
Бироқ, нашр манбалари ҳарбий ҳаракатлар бўйича қарор ҳали қабул қилинмаганлигини ва бу чоралар «ҳар қандай сценарийга тўлиқ тайёр бўлиш» учун зарурлигини таъкидламоқда.
8 апрелдан бери АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасида икки ҳафталик сулҳ амал қилмоқда. Бу вақт ичида томонлар тинчлик келишувига эришиши кутилмоқда. 12 апрель куни Покистон воситачилигида Эрон-АҚШ музокаралари якунланди. АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс Эрон АҚШ томонининг шартларини қабул қилмаганини ва Теҳрон ядровий қурол дастуридан воз кечишни истамаслигини айтди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги томонлар икки ёки учта асосий масала бўйича келишувга эриша олмаганини тасдиқлади, аммо музокаралар давом этишига умид билдирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter