Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Айримлар учун масофадан туриб никоҳдан ўтишга рухсат берилди

Айримлар учун масофадан туриб никоҳдан ўтишга рухсат берилди

Жорий йил 9 апрелдаги 154-сон Ҳукумат қарори билан айрим ҳолларда никоҳни қайд этишда томонларнинг масофадан туриб, видеоконференцалоқа режимида иштирок этишларига рухсат берилди.

Ҳужжатга мувофиқ, қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган никоҳланувчи шахсларнинг илтимосига кўра, никоҳни қайд этишда уларнинг иштироки масофадан туриб видеоконференцалоқа режимида амалга оширилиши мумкин:

  • никоҳланувчи шахслардан бири ёки ҳар иккаласи жазони ижро этувчи муассасаларда сақланаётган бўлса;
  • никоҳланувчи шахсларнинг ўзаро фарзанди бор (оталик белгиланган) бўлса.

Бунда ФҲДЁ бўлими мудири видеомулоқот давомида никоҳланувчи шахсларга уларнинг ўзаро розиликлари никоҳ тузишнинг асосий шарти эканлигини, келгусида эр-хотин ва ота-она сифатида вужудга келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради, уларнинг никоҳ тузиш учун ўзаро розилиги мавжудлиги ҳақида ишонч ҳосил қилишга қаратилган саволлар беради. Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларни яшириш оқибатлари, шунингдек аёлни эрга тегишга мажбур қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантиради.

Никоҳланувчи шахслар томонидан уларга берилган барча саволларга аниқ ва тўлиқ жавоблар берилиши керак. Никоҳланувчи шахсларнинг иштироки масофадан туриб видеоконференцалоқа режимида амалга оширилганда, уларнинг шахси Face-ID тизими орқали тасдиқланади ва далолатнома ёзувининг «Белгилар учун» устунида бу ҳақида тегишли белги автоматик равишда киритилади. Видеомулоқот жараёнлари «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимида қайд этилади ва камида ўн беш йил давомида сақланади.

Маълумот учун, бунга қадар амалдаги тартибга кўра, никоҳни қайд этиш фақат никоҳланувчи шахсларнинг иштирокида амалга ошириб келинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг