Пекинда Трамп–Си учрашуви: савдо, Тайван ва геосиёсат муҳокама қилинди
Доналд Трамп тўққиз йиллик танаффусдан сўнг Хитойга ташриф буюрди. АҚШ президентининг уч кунлик давлат ташрифи доирасида Пекинда Хитой раиси Си Цзинпин билан музокаралари бўлиб ўтди. Учрашув Халқ йиғини уйида ўтказилиб, икки соатдан ортиқ давом этгани хабар қилинди.
Трампга ташриф давомида давлат котиби Марко Рубио, мудофаа вазири Пит Хегсет, молия вазири Скотт Бессент ва АҚШнинг савдо вакили Жеймисон Грир ҳамроҳлик қилди. Шунингдек, делегация таркибига 20 дан ортиқ йирик америкалик компаниялар вакиллари ҳам киритилган.
Музокаралар давомида томонлар савдо-иқтисодий муносабатлар, Тайван масаласи, геосиёсий хавфсизлик ва икки давлат ўртасидаги стратегик рақобатни муҳокама қилди.
Дональд Трамп 2026 йилни АҚШ ва Хитой муносабатлари учун «тарихий йил» деб атаб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни яхшилашга умид билдирган. Унинг таъкидлашича, Вашингтон Пекин билан «ўзаро манфаатли асосда» бизнес юритишни истайди.
Си Цзинпин эса савдо урушларида ғолиб бўлмаслигини таъкидлаб, АҚШ ва Хитой ўртасидаги қарама-қаршилик ҳар икки томонга ҳам зарар келтиришини айтди. Хитой раҳбари Тайван масаласини икки давлат муносабатларидаги «энг муҳим масала» деб атади ҳамда унга нотўғри ёндашув тўғридан-тўғри тўқнашувга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Шунингдек, Си Цзинпин Хитой ва АҚШ «Фукидид тузоғи»дан қочиши кераклигини таъкидлади. Бу атама тарихда юксалаётган давлат ва ҳукмрон давлат ўртасидаги рақобатнинг урушга айланиши хавфини англатади.
Марко Рубио эса Вашингтон Хитой тараққиётини тўхтатишни мақсад қилмаганини маълум қилди.
Таҳлилчилар фикрича, мазкур учрашув сўнгги йилларда кескинлашган АҚШ–Хитой муносабатларида янги дипломатик босқични бошлаб бериши мумкин. Айниқса, савдо чекловлари, технологиялар рақобати ва Тайван атрофидаги таранглик шароитида музокаралар халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter