Қозоғистонда жинсий зўравонликка оид ишлар аёл терговчиларга топширилади
Қозоғистонда жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларни аёл терговчилар юритади. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири ўринбосари Санжар Адилов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур янги тартиб жабрланувчиларнинг қўшимча психологик жабр кўришининг олдини олиш ва тергов органларига бўлган ишончни оширишга қаратилган.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Жиноят кодексига киритилган никоҳга мажбурлаш ҳақидаги янги моддани қўллаш тартибига ҳам ойдинлик киритди. Санжар Адиловнинг таъкидлашича, бундай ишларда жабрланувчи ҳам аёл, ҳам эркак бўлиши мумкин.
Шунга қарамай, вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирча Қозоғистонда никоҳга мажбурлаш моддаси бўйича аёл гумонланувчи сифатида иштирок этган жиноят ишлари қайд этилмаган.
Маълумот учун, 2025 йил сентябридан бошлаб Қозоғистонда никоҳга мажбурлаш расман жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида тан олинган.
Шунингдек, мамлакатда сталкинг (таъқиб қилиш) учун ҳам жиноий жавобгарлик жорий этилган. Жорий йилда таъқиб қилиш билан боғлиқ 83 та жиноят иши судга юборилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter