Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

“Тоштурма” автотураргоҳида гиёҳвандлик воситаси сотаётган аёл қўлга олинди

“Тоштурма” автотураргоҳида гиёҳвандлик воситаси сотаётган аёл қўлга олинди

Муқаддам уч маротаба судланган аёл Тошкент вилоятида жойлашган Аёллар жазони ижро этиш колониясининг автотураргоҳида гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда “Post” газетасида маълум қилинди.

Айтилишича, Наманган шаҳрида туғилган 33 ёшли Ш. Н. ўғирлик содир этгани учун 2017 йил май ойида жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан озодликдан маҳрум қилинган. Қилмиши учун дастлаб унга енгилроқ жазо берилган. Орадан бир йил ўтмасдан ўғирликка яна қўл уриб, суд томонидан 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 3 йилдан сўнг озодликка чиқарилган.

У Жиззах вилоятида фирибгарлик содир этгани учун 2025 йил май ойида Жиноят кодексининг 168 моддаси билан айбдор, деб топилади. Бу гал унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган-у, бир ойлик эмизикли чақалоғи борлиги ҳисобга олиниб, жазони ижро этиш муддати 3 ойга кечиктирилган.

Шу муддат ичида жорий йилнинг 1 май куни ИИВ ҳузуридаги ЖИЭДга қарашли манзил колония автотураргоҳида гашиш гиёҳвандлик моддасини нотаниш фуқарога 1 млн сўмга сотаётганида қўлга олинган. У суд томонидан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда ўтказишда назарда тутилган жиноятни содир этган, деб топилиб, 6 йил-у 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ш.нинг оилавий шароити ўрганилганда унинг турмуш ўртоғи ҳам ҳеч қаерда ишламаслиги, муқаддам судланган шахс эканлиги ва 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги маълум бўлган. Болалар келажакда яхши тарбия олиши учун уларни махсус тарбия масканларига юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг