Трамп Эронга қаттиқ жавоб зарбаси беришини маълум қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг Иорданиядаги Америка ҳарбий объектларига ракета ҳужумидан кейин Теҳронга қаттиқ жавоб қайтарилишини билдирди.
Сўнгги кескинлашув АҚШ кучларининг Ҳўрмуз бўғозидаги Ларак оролида Эроннинг икки ракета учириш қурилмасига зарба беришидан кейин юз берди. Вашингтон бу объектларда денгиз миналарини жойлаштиришга тайёргарлик кўрилганини билдирган. Эрон эса бунга жавобан Иорданиядаги АҚШ ҳарбийлари жойлашган базаларга баллистик ракеталар учирди.
Иордания ҳарбийлари мамлакат ҳаво ҳудудига кирган саккизта ракетани уриб туширганини маълум қилди. Reuters маълумотига кўра, ҳужумда жиддий талафот қайд этилмаган.
Трамп Fox News'га берган изоҳида АҚШнинг жавоби қаттиқ бўлишини айтган. У Truth Social'даги баёнотида эса Эронни «муваффақиятсиз давлат» деб атаб, мамлакатнинг ҳарбий ва иқтисодий имкониятлари жиддий заифлашганини таъкидлаган.
Теҳрон эса АҚШнинг навбатдаги ҳужумига янада қаттиқ жавоб берилишидан огоҳлантирмоқда. Эрон расмийлари айни пайтда кенг кўламли урушга қайтишни истамаслигини айтаётган бўлса-да, Ҳўрмуз бўғозидаги вазият кескинлигича қолмоқда.
The Washington Post маълумотига кўра, Яқин Шарқда 50 мингга яқин АҚШ ҳарбий хизматчиси қолмоқда. Айрим америкалик ҳарбий раҳбарлар эса узоқ давом этаётган операциялар суръати АҚШ Қуролли кучларининг бошқа йўналишлардаги имкониятларига таъсир қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter