WSJ: БАА Эронга қарши махфий ҳужумларда иштирок этган
Бирлашган Араб Амирликлари АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруш фонида Теҳронга қарши бир қатор махфий ҳужумларни амалга оширган. Бу ҳақда The Wall Street Journal манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, БАА апрел ойи бошида Эроннинг Лаван оролидаги нефтни қайта ишлаш заводига зарба берган. Ҳужум АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан сулҳ ҳақида баёнот бериш арафасида амалга оширилгани айтилмоқда.
Манбаларга кўра, зарба натижасида йирик ёнғин чиққан ва объект ишдан чиққан.
WSJ нашрининг ёзишича, Эрон бу ҳужумларга жавобан БАА ва Кувайтга қарши баллистик ракеталар ҳамда дронлар қўллаган.
Нашр манбаларидан бири АҚШ БААнинг урушга қўшилишини «жимгина маъқуллаганини» билдирган.
Маълум қилинишича, Эрон БААга бошқа ҳар қандай давлатдан, ҳатто Исроилдан ҳам кўпроқ ҳужум уюштирган. Нашр маълумотига кўра, Амирликларга 2800 дан ортиқ ракета ва дрон ҳужумлари амалга оширилган.
Бу ҳужумлар мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатиб, айрим соҳаларда ишдан бўшатишлар ва мажбурий таътилларга сабаб бўлган.
БАА Ташқи ишлар вазирлиги нашрнинг саволларига тўғридан-тўғри изоҳ бермаган. Бироқ вазирлик аввалроқ чиққан баёнотида мамлакат «душманона ҳаракатларга жавоб қайтариш ҳуқуқига эга» эканини таъкидлаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter