Зеленский: Россия музокараларга тайёрлигини билдирган
АҚШ Украина ва Россия ўртасида қиш олдидан вазиятни юмшатиш ва тинчлик музокараларини қайта бошлаш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Axios нашрига маълум қилган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Киевда Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер билан учрашган. Улар бундан олдин Кремлда Владимир Путин билан уч соатлик музокара ўтказганди.
Учрашувдан кейин Зеленскийга «Россия музокараларга тайёр» деган хабар етказилган. Бироқ Украина президенти бу баёнотга эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Унинг айтишича, Россиянинг фронтдаги ҳаракатлари ва сўнгги ҳужумлари ҳозирча муросага тайёрликни кўрсатмаяпти.
Шу билан бирга, Зеленский Путин музокараларни қайта бошлаш бўйича айрим ғояларни муҳокама қилишга тайёр, деган фикрда.
АҚШ томони қишгача икки давлат ўртасида кескинликни камайтиришни ҳам таклиф қилмоқда. Муҳокамаларда энергетика объектлари, электр тармоқлари, ғалла етказиб бериш, нефт ва газ экспорти каби масалалар тилга олинган.
Зеленскийнинг айтишича, асосий мақсад — аввал музокараларни қайта бошлаш, кейин эса қишни аввалги йиллардагидек оғир эскалациясиз ўтказиш.
Украина президенти Россия қиш мавсумида Украина инфратузилмасига босимни кучайтириш орқали Киевни ён беришга мажбурлашга ҳаракат қилиши мумкинлигини айтди.
Шу билан бирга, у Трамп маъмурияти Путинга босим ўтказиши мумкин, деб ҳисоблайди. Зеленскийнинг фикрича, Путин Трамп билан муносабатларни бузишни истамайди.
Украина сентябр ва октябр ойларида дипломатик жараённи қайта жонлантиришга умид қилмоқда. Зеленский БМТ Бош Ассамблеяси доирасида кейинги музокаралар бўлиши мумкинлигини ҳам айтди.
Ҳозирча АҚШ–Украина–Россия форматида янги уч томонлама учрашув ўтказиш бўйича аниқ қарор қабул қилинмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter