Ҳайдовчиларни алдаш орқали пул ўзлаштирган шахсга жиноят иши қўзғатилди
Жамиятда янги жиноят схемаси - онлайн такси ҳайдовчиларини алдаш орқали даромад топишга уринаётганлар кўпаймоқда.
Худди шундай жиноят Бухорода қайд этилди. Бу ҳақда “Xabar.uz”га Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Таъкидланишича, бир нечта ҳайдовчиларни алдаш йўли билан пул маблағларини қўлга киритган шахсга нисбатан қўшимча айблов эълон қилинган.
Бухоро шаҳрида олиб борилаётган тергов ҳаракатлари давомида фуқаро Х.Б.нинг бир неча маротаба ҳайдовчиларни алдаш йўли билан моддий зарар етказиб келгани аниқланган. Олиб борилган тергов жараёнларида фуқаро Х.Б. 2025-йилнинг июль–август ойларида ўзининг мобил телефонига ўрнатилган “Яндекс” ва “Uz Taxi” иловалари орқали турли вақтларда онлайн такси чақирган. У такси фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчиларни алдаб, гўёки почта ёки ширинликлар солинган қутини манзилга етказиб беришлари лозимлигини айтган. Бунинг учун уларга хизмат ҳақи олдиндан пластик карта орқали тўлаб берилишини, манзилга етганда, қабул қилувчи суммани беришини билдирган.
Ҳайдовчилар билан ҳисоб-китоб қилиш баҳонасида, у фуқаро Х.Б. номига расмийлаштирилган банк картаси маълумотларини берган. Ҳайдовчилар томонидан ушбу картага 200 минг сўмдан 1 миллион сўмгача пул маблағлари ўтказилган. Шундан сўнг, Х.Б. телефонини ўчириб қўйган ва улар билан боғланишни тўхтатган.
Бундай ҳаракатлари давомида Х.Б. бир нечта ҳайдовчиларга моддий зарар етказган. Тергов жараёнида барча эпизодлар бир-бирига ўхшаш усулда содир этилгани, айбланувчи ҳисобланган шахснинг алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан такроран фирибгарлик содир этгани тасдиқланган.
Йиғилган далиллар асосида X.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Айбланувчининг бошқа шунга ўхшаш жиноятларда иштироки мавжудлиги борасида ҳам қўшимча текширувлар олиб борилмоқда.
Ички ишлар органлари фуқаролардан онлайн платформалар орқали хизмат кўрсатаётганда эҳтиёткор бўлишни, номаълум шахсларга нисбатан ишончни оширмасликни ҳамда шубҳали ҳолатлар юз берса дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни сўраб қолади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter