Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фуқароларнинг номига кредит расмийлаштириб, 17 млрд сўм ўзлаштирган жиноий гуруҳ фош этилди

Фуқароларнинг номига кредит расмийлаштириб, 17 млрд сўм ўзлаштирган жиноий гуруҳ фош этилди

Фото: Тошкент вилояти ИИББ

Тошкент вилоятида фуқароларга «фоизсиз кредит» олиб беришни ваъда қилиб, уларнинг номига кредит расмийлаштирган жиноий гуруҳ фош этилди. Фирибгарлар 400 нафардан ортиқ фуқаронинг номига кредит расмийлаштириб, ажратилган маблағларнинг қарийб ярмини ўзлаштирган. Умумий зарар миқдори 17 миллиард сўмга яқин бўлган.

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.

Аниқланишича, жиноий гуруҳ аъзолари интернетда «фоизсиз кредит олиб берамиз» мазмунидаги эълонларни жойлаштириб, қизиқиш билдирган фуқароларни олдиндан ижарага олинган ҳашаматли офисларга таклиф қилган.

Улар фуқароларга ўз номларига кредит расмийлаштириб беришни таклиф этган. Масалан, 100 миллион сўмлик кредит ажратилса, унинг 50 миллион сўмини фуқаро олиши, қолган 50 миллион сўми эса «компания»да қолиши, кредитнинг ойлик тўловларини эса фирибгарларнинг ўзи тўлаб боришини ваъда қилган.

Ёлғон ваъдаларга ишонган фуқаролар ўз телефонлари орқали кредит расмийлаштирган. Натижада 400 нафардан ортиқ фуқаронинг номига кредитлар олинган ва ажратилган маблағларнинг тенг ярми жиноий гуруҳ томонидан ўзлаштирилган.

Орадан вақт ўтгач, фуқароларга банклардан кредит қарздорлигини ундириш бўйича талабномалар кела бошлаган. Шу тариқа фирибгарлик схемаси фош этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Терговга қадар текширув ва тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳнинг олти нафар аъзоси гумонланувчи сифатида ушланиб, қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

ИИББ фуқароларни интернетдаги «фоизсиз кредит», «жуда кам фоизли кредит» ва «ҳужжатсиз кредит» каби шубҳали таклифларга ишонмасликка чақирди.

Шунингдек, кредит фуқаронинг номига расмийлаштирилса, банк олдидаги мажбурият ҳам унинг зиммасида қолиши таъкидланди. Шу сабабли кредит тўловларини бошқа шахслар амалга ошириб бориши ҳақидаги ваъдаларга алданмаслик тавсия этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг