Навоийда тўй кортежи ҳайдовчилари жазоланди
Навоий вилояти, Нурота туманида тўй кортежида йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, бошқа ҳаракат иштирокчиларининг эркин ҳаракатига халақит берган ҳайдовчиларга чора кўрилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов маълум қилди.
Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларда йўлни тўлдириб, тўй кортежи таркибида ҳаракатланаётгани акс этган. Видеода айрим автомобиллар фараларини милтиллатиб, турли хавфли манёврларни амалга оширгани кўринган.
Ушбу ҳолат юзасидан Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, қоидабузар ҳайдовчиларнинг шахси аниқланган. Воқеа Нурота туманидаги «Қизилча» қишлоғида содир бўлган.
Ҳолатни ўрганиш жараёнида ҳайдовчилардан бирининг қоидабузарлиги аниқланган. У Gentra русумли автомобилда ишлаб чиқарувчи корхона томонидан назарда тутилмаган LED чироқлари ўрнатган бўлган.
Автомобиллар вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган. Ҳайдовчилар ички ишлар органи биносига чақиртирилиб, содир этган хатти-ҳаракатлари йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлиши ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тушунтирилган. Шунингдек, уларга йўл ҳаракати қоидаларини бузиш оқибатлари акс этган таъсирчан видеоролик ҳам намойиш этилган.
Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида баённомалар расмийлаштирилган.
—Тўй ва бошқа оммавий тадбирларда кортеж бўлиб ҳаракатланиш йўл ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим. Автомобиллар билан йўлни тўсиш, хавфли манёврлар қилиш, меъёрларга жавоб бермайдиган ёритиш воситаларидан фойдаланиш нафақат қонунбузарлик, балки инсон ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солиши мумкин,—дейди Фаёзжон Қосимов.
Маълумот ўрнида: Илгари худди шундай ҳолат Бухорода содир бўлган эди. Унда тўй кортежини ташкил қилган куёв жўралар жазоланишган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter