Чегарада ноқонуний тоннел қурганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланяпти
Сенатнинг 19-ялпи мажлисида давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонун маъқулланди.
Муҳокамада 2016–2025 йилларда Ўзбекистон давлат чегарасида 12 та ноқонуний ерости тоннели аниқлангани маълум қилинди. Улар орқали товар-моддий бойликлар, валюта ва бошқа юкларни яширин олиб киришга уринишлар кузатилган.
Қонунга кўра, давлат чегараси орқали ноқонуний тоннел ёки бошқа инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш, бундай фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш учун Жиноят кодексида алоҳида жавобгарлик белгиланади.
Шунингдек, бундай иншоотлар орқали давлат чегарасини кесиб ўтиш ёки контрабанда жинояти содир этиш учун жавобгарлик ҳам кучайтирилади.
Айни пайтда, биринчи марта шундай қилмиш содир этган шахс ноқонуний тоннель ҳақида ихтиёрий равишда давлат органларига хабар берса ёки жиноятни очишга фаол ёрдам берса, бошқа жиноят таркиби бўлмаган тақдирда жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Бу турдаги жиноятлар бўйича дастлабки терговни Давлат хавфсизлик хизмати терговчилари олиб боради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter