Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда жамоат транспорти нархи ошиши мумкин — Транспорт вазирлиги изоҳ берди

Тошкентда жамоат транспорти нархи ошиши мумкин — Транспорт вазирлиги изоҳ берди

Фото: Xabar.uz

Тошкент шаҳрида жамоат транспортида йўл ҳақи тарифларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда. Транспорт вазирлиги мазкур лойиҳа юзасидан изоҳ бериб, якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини маълум қилди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳага кўра, 1 октябрдан автобус ёки метрода бир марталик электрон тўловни амалдаги 1700 сўмдан 2500 сўмга ошириш таклиф этилмоқда. Нақд пул орқали тўлов 3000 сўм миқдорида сақлаб қолинади, багаж ташиш ҳақи эса 4000 сўм этиб белгиланади.

Шунингдек, доимий йўловчилар учун янги абонементлар жорий этиш ҳамда жамоат транспортнинг бир туридан бошқасига ўтиш учун алоҳида алмашиш тарифларини белгилаш таклиф қилинмоқда.

Вазирлик маълумотига кўра, бугунги кунда пойтахт жамоат транспорти ҳар куни қарийб 2,5 миллион йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда транспорт тизимини ривожлантириш доирасида метро тармоғи кенгайтирилиб, ер усти жамоат транспорти йўналишлари билан интеграция қилинди.

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳаракат таркиби қарийб икки бараварга кенгайиб, автобуслар сони 1900 тага яқинлашган. Уларнинг ўртача қатнов оралиғи 30 дақиқадан 15 дақиқагача қисқарган. Йўналишлар тармоғи янги турар жой массивлари ва пойтахтга туташ ҳудудларни қамраб олиш ҳисобига кенгаймоқда.

Транспорт вазирлиги жамоат транспортининг харажатлари фақат транспорт воситаларини харид қилиш билан чекланмаслигини қайд этди. Автобус ва бошқа транспортларнинг мунтазам қатновини ҳамда техник созлигини таъминлаш учун ҳайдовчи ва техник ходимлар иш ҳақи, ёқилғи ва электр энергияси, эҳтиёт қисмлар ва шиналар, техник хизмат ва таъмирлаш, инфратузилмани сақлаш, салонларни тозалаш, диспетчерлик, навигация ва электрон тўлов тизимлари билан боғлиқ харажатлар амалга оширилади.

Қайд этилишича, амалдаги тариф ушбу харажатларнинг фақат бир қисмини қоплайди. Ташувларни молиялаштиришда асосий юк ҳамон давлат бюджети зиммасида қолмоқда.

Вазирлик тарифнинг эҳтимолий ўзгариши ташувчиларга қўйиладиган талаблар билан биргаликда кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади. Жумладан, қатновларнинг мунтазамлиги, белгиланган оралиқларга риоя этилиши, транспорт воситаларининг техник ҳолати ва тозалиги, йўловчилар хавфсизлиги, хизмат кўрсатиш маданияти ҳамда йўналишлар тармоғини кенгайтириш каби талаблар назарда тутилмоқда.

Тарифларни ўзгартириш бўйича лойиҳа ҳозирча жамоатчилик муҳокамасида. Фуқаролар 19 сентябрга қадар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали орқали ўз таклиф ва мулоҳазаларини юбориши мумкин.

Вазирликнинг таъкидлашича, келиб тушган таклифлар якуний қарорни тайёрлаш жараёнида кўриб чиқилади. Жамоатчилик муҳокамаси якунланмагунча тарифларни ўзгартириш бўйича қарор қабул қилинмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг