Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Чикагодаги ўзбек ҳуқуқшуноси: истеъмол кредитлари ва қарздорлик низоларида АҚШ тажрибаси Ўзбекистонга нима беради?

Чикагодаги ўзбек ҳуқуқшуноси: истеъмол кредитлари ва қарздорлик низоларида АҚШ тажрибаси Ўзбекистонга нима беради?

Хоразмлик ҳуқуқшунос Динора Шерматова Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. «Эл-юрт умиди» Президент стипендияси соҳиби сифатида АҚШнинг Иллинойс университети юридик факултетида магистратурани (LL.M.) битирган. Ҳозирда Чикагодаги Mandarich Law Group фирмасида истеъмол молияси ва кредиторлар ҳуқуқлари бўйича суд ишларида фаолият юритмоқда. Унинг шу соҳа бўйича илмий мақолалари халқаро журналларда чоп этилган. Биз у билан АҚШ амалиёти, Ўзбекистондаги истеъмол кредитлари муаммолари ва келгуси режалари ҳақида суҳбатлашдик.

Сиз Чикагода ҳар куни истеъмол молияси ва кредиторлар ҳуқуқлари бўйича суд ишлари билан шуғулланасиз. АҚШда қарздорлик низоси судга киритилгандан то ижрога қадар қандай йўл босиб ўтади?
– АҚШда қарз бўйича низо одатда кредитор ёки қарзни сотиб олган компаниянинг штат судига даъво аризаси беришидан бошланади. Ундан кейин қарздорга ҳужжатлар расмий тартибда топширилади. Қарздор белгиланган муддатда жавоб бермаса, кредитор сиртдан ҳал қилув қарори (default judgment) чиқаришни сўрайди. Менинг ишимнинг катта қисми айнан шу босқичга тўғри келади. Калифорния штатининг турли округларидаги олий судлар учун сиртдан ҳал қилув қарори пакетларини тайёрлайман, суд рад этган ҳужжатларни таҳлил қилиб қайта тузаман. Қарор чиққандан кейин ижро босқичи бошланади: иш ҳақидан ушлаб қолиш, банк ҳисобварақларини хатлаш ва ҳоказо. Ҳар бир босқичда қатъий процессуал қоидалар бор. Битта сана ёки суммадаги хато ҳам суднинг ҳужжатни рад этишига олиб келади. Шу сабабли бу ишда аниқлик энг муҳим мезон. Ҳозир янги ходимларни ҳал қилув қарорларини тизимга киритишга ўқитиш ҳам менинг вазифаларим қаторига киради.

АҚШ тизимини Ўзбекистон фуқаролик судлари билан солиштирганда сизни энг кўп нима ҳайратга солди?
– Энг катта фарқ тизимнинг ихтисослашувида. АҚШда истеъмол қарзлари бўйича низолар алоҳида амалиёт йўналишига айланган. Бунинг учун махсус қонунлар, назорат органлари, суд амалиёти ва шу соҳага ихтисослашган ҳуқуқшунослар мавжуд. Ўзбекистонда эса бундай низолар умумий фуқаролик ишлари қаторида кўрилади. Иккинчи фарқ қарздорни ҳимоя қилиш механизмларида. АҚШда кредитор судга мурожаат қилганда қарзнинг келиб чиқишини, қарз кимдан кимга ўтганини ҳужжат билан исботлаши шарт. Айниқса қарз сотилган бўлса, бу талаб қатъий қўлланади.

Сиз қарзларни учинчи шахсларга сотиш (сессия) бўйича мақола чоп этгансиз. Бу муаммо нимадан иборат?
– Тўланмаган истеъмол кредитларини кўпинча уни берган банк ундирмайди. Қарз сотилади, кейин яна қайта сотилади ва натижада бутун бир «талаблар занжири» вужудга келади. Мақоламда шу занжирдаги бир бўғинни бир томонлама бекор қилиш мумкинми, деган саволни АҚШ ҳуқуқи ҳамда Шарқий Европа ва Европа Иттифоқи фуқаролик ҳуқуқи мисолида таҳлил қилдим. Хулосам шуки, ҳар икки тизимда ҳам қарзни ўтказиш амалга ошгач, уни бир томонлама бекор қилиб бўлмайди. Асосий фарқ бошқа жойда: занжир қарздор ва суд учун қанчалик шаффоф эканида. АҚШда қарз сотувчилар кўпинча маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди. Қарзни қайтариб олиш бўйича келишувлар эса фақат тижорат томонлари ўртасида қолади, истеъмолчи ҳам, суд ҳам улардан бехабар. Европа Иттифоқи эса 2021/2167-сонли Директива билан қарз сотувчига ахборот бериш мажбуриятини юклади, истеъмолчига эса қарз ўтказилгани ҳақида хабардор бўлиш ва дастлабки кредиторга қарши барча эътирозларини янги эгага нисбатан ҳам билдириш ҳуқуқини берди. Мен буни Ўзбекистон учун ҳам муҳим сабоқ деб ҳисоблайман. Қарз бозори ривожланган сари қарздор ўз қарзи кимнинг қўлида эканини аниқ билиши керак.

АҚШда қарз ундириш жараёнида қарздорлар қандай ҳимоя қилинади? Ўзбекистонда бунга ўхшаш механизм борми?
– АҚШда асосий ҳужжат Қарзларни ундиришда адолатли амалиётлар тўғрисидаги федерал қонун (FDCPA) ва унга асосланган F Регуляцияси ҳисобланади. Улар қарз ундирувчининг қарздор билан қачон ва қандай боғланишини, қандай маълумот бериши шартлигини қатъий белгилайди. Таҳдид қилиш, алдаш, қарздорнинг иш жойига ёки қариндошларига босим ўтказиш тақиқланади. Қарздор қарзнинг асослилигига эътироз билдириш ҳуқуқига эга ва бундай ҳолатда ундирувчи қарзни исботламагунча ундиришни тўхтатиши шарт. Бузилиш учун қарздор судга мурожаат қилиб, компенсация ундириши мумкин. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда ислоҳотлар бошланган, аммо ихтисослашган, батафсил ва амалиётда синалган тартиб ҳали шаклланиш босқичида. Шу боис АҚШ тажрибасини ўрганиш фойдали деб ўйлайман.

Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорлари АҚШда қарз ундиришнинг катта қисмини ташкил этади. Бу ерда қандай кафолатлар бор ва Ўзбекистон нимани ўзлаштириши керак?
– Кўплаб қарздорлар судга умуман жавоб бермайди, шунинг учун сиртдан қарор чиқариш кенг тарқалган. Аммо бу «автоматик» қарор дегани эмас. Суд кредитордан қарз суммасини тасдиқловчи ҳужжатлар, нотариал тасдиқланган баёнотлар, қарздорга ҳужжатлар тўғри топширилганлиги ҳақида далил ва қарз сотилган бўлса эгалик занжирини талаб қилади. Калифорнияда бу талаблар айниқса қатъий. Шунинг учун мен ҳар куни суд рад этган ҳужжатлар билан ишлайман. Ўзбекистон учун асосий сабоқ шуки, тез ва самарали ундириш билан қарздор ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бир-бирига зид эмас. Аниқ далил стандартлари иккаласини ҳам таъминлайди.

Кредитлаш ва қарз ундириш иловалар ва мессенжерларга кўчмоқда. Бу қарздорлар учун қандай хавфлар туғдиради?
– Бу ҳозирги куннинг энг долзарб масалаларидан бири. Рақамли кредитлашда қарздорнинг шахсий маълумотлари, телефон контактлари, жойлашуви компаниялар қўлида бўлади. Агар бу маълумотлардан ундириш жараёнида назоратсиз фойдаланилса, масалан, қарздорнинг танишларига хабар юборилса ёки ижтимоий тармоқларда босим ўтказилса, бу шахсий ҳаёт дахлсизлигининг жиддий бузилиши ҳисобланади. Ҳозир АҚШ қарз ундириш қонунчилигини замонавий маълумотларни ҳимоя қилиш талаблари билан уйғунлаштириш масаласи бўйича мақола устида ишлаяпман.

АҚШ қонунлари қарз ундирувчиларнинг электрон почта, SMS ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини қандай чеклайди? Бу Ўзбекистон финтех соҳаси учун нега муҳим?
– F Регуляцияси электрон алоқани рухсат этади, аммо қатъий шартлар билан. Қарздорга алоқани тўхтатиш имконияти берилиши керак. Ижтимоий тармоқларда хабарлар очиқ, бошқаларга кўринадиган тарзда юборилмаслиги лозим. Қўнғироқлар сони ва вақти ҳам чекланган. Ўзбекистонда бўлиб тўлаш хизматлари ва онлайн микроқарзлар тез ривожланмоқда. Қоидаларни бозор кенгаймасдан олдин аниқ белгилаш кейинчалик пайдо бўладиган муаммоларни бартараф этишдан анча осон.

Сиз Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Олий судига таклиф киритгансиз. Бу таклиф қандай муаммони ҳал қилишга қаратилган ва унинг асосий жиҳатлари нималардан иборат?
– Таклифим АҚШ тажрибаси асосида Ўзбекистонда истеъмол молияси низолари ва кредиторлар ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган амалиётни ривожлантиришга қаратилган. Унда қарз ундириш жараёнида қарздорларни ҳимоя қилиш стандартлари, судларда кредитор талабларини исботлаш бўйича аниқ далил талаблари ва қарзни учинчи шахсларга ўтказишда шаффофликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилган. Хурсандчилик билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Марказий банки таклифимни кўриб чиқди ва ундан келгусидаги ислоҳотлар ва ривожланиш ишларида фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу мен учун катта масъулият ва АҚШда орттирган билимларимни Ватаним манфаати йўлида қўллаш имкониятидир.

Бу ислоҳотлардан ким фойда кўради: қарздорларми, банкларми ёки судларми?
– Барчаси. Қарздорлар ўз ҳуқуқларини аниқ билади ва асоссиз ёки ноқонуний ундиришдан ҳимояланади. Банклар ва молия ташкилотлари учун аниқ, олдиндан билинадиган қоидалар хавфни камайтиради ва бозорга бўлган ишончни оширади. Судлар учун эса стандартлаштирилган далил талаблари ишларни тезроқ ва сифатлироқ кўриш имконини беради. Охир-оқибат бу инвестиция муҳити ва молия тизимининг барқарорлигига ҳам ижобий таъсир қилади.

Ҳозирда қандай илмий ишлар устида ишлаяпсиз?
– Илмий фаолиятим тўғридан-тўғри амалий ишимдан келиб чиқади. Биринчидан, истеъмол кредитлари бўйича талаблар занжирини бир томонлама бекор қилиш масаласини АҚШ ва Шарқий Европа фуқаролик ҳуқуқи мисолида қиёсий таҳлил қилган мақолам чоп этилди. Иккинчидан, АҚШ Ягона тижорат кодексининг 9-моддасида белгиланган таъминланган битимлар доктринасининг трансчегаравий истеъмол молияси шартномаларига қўлланилиши ҳақидаги мақолам ҳам нашр этилди. Учинчидан, АҚШ штат судларида кредиторлар ҳуқуқларини таъминлаш тартибини қиёсий-процессуал таҳлил қилиш устида ишлаяпман. Бу тадқиқот АҚШ ва Ўзбекистон суд амалиётини таққослашга қаратилган.

Келажакдаги режаларингиз қандай?
– Фуқаролик ва тижорат суд ишлари соҳасида, хусусан, АҚШда истеъмол молияси ва кредиторлар ҳуқуқлари амалиёти бўйича ихтисослашувни давом эттирмоқчиман. Амалиётчи ҳуқуқшунос сифатида ҳам АҚШда, ҳам Ўзбекистонда адвокатлик лицензиясини олишни мақсад қилганман. Шу билан бирга, илмий-тадқиқот фаолиятимни давом эттираман. Мақсадим икки мамлакат ўртасида кўприк бўлиш: АҚШнинг истеъмол молияси ва кредиторлар ҳуқуқлари соҳасидаги илғор тажрибасини Ўзбекистонга олиб кириш, халқаро илмий муҳитда эса Ўзбекистон ҳуқуқий тизимини танитиш.

Шу соҳага қизиқаётган ўзбек ёш ҳуқуқшуносларига қандай маслаҳат берасиз?
– Умумий «хорижий ҳуқуқ» эмас, аниқ бир йўналишни танланг ва унда чуқурлашинг. Истеъмол молияси, финтех ва қарз ундириш ҳуқуқи келажаги катта соҳалар. Фуқаролик процессига алоҳида эътибор беринг, чунки амалиётда айнан процессуал билим ҳал қилувчи рол ўйнайди. Илмий мақола ёзишдан қўрқманг: амалий тажрибангиз асосида ёзилган тадқиқот халқаро ҳамжамиятда юқори баҳоланади. Энг муҳими, ўқиб-ўрганишдан қўрқмаслик, олган билимингизни соҳа ривожига қандай ҳисса қўшишини мумкинлигини чуқур таҳлил қилиб, барча учун фойда келтиришини мақсад қилинг!

Асрор МИРЗО

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг