Cambridge Analytica можароси ортидан Meta 25 млрд доллар жаримага тортилди
Ню-Мексико штати ҳакамлар ҳайъати Meta (Facebook) корпорациясини фойдаланувчиларни чалғитишда айбдор деб топди. Компания ўз мижозларига шахсий маълумотлардан аслида кимлар фойдалана олиши ҳақида нотўғри маълумот бериб келган.
Штат бош прокурори бу даъво аризасини 2021 йилда — ҳозирда фаолиятини тугатган Cambridge Analytica консалтинг компанияси атрофидаги шов-шувли можародан сўнг киритган эди. Аниқланишича, Cambridge Analytica компанияси бегона илова ёрдамида Facebookдаги 87 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотларини қўлга киритган. Бу маълумотлардан эса Доналд Трампнинг 2016 йилги сайловолди кампаниясида фойдаланган.
Прокурор Meta корпорацияси бу фаолиятга кўз юмиб келганлигини таъкидлади ва якунда ҳакамлар ҳайъатининг аксарият аъзолари компания 43 миллион марта қоидабузарликка йўл қўйган деган хулосага келишди. Ню-Мексико қонунчилигига кўра, ҳар бир қоидабузарлик учун 5 000 доллардан жарима солиш кўзда тутилган.
Судя якуний жарима миқдорини дастлабки асосли деб ҳисобланган 219 миллиард доллардан 25 миллиард долларгача туширди. Бу маблағ Meta компаниясининг 2025 молиявий йилдаги соф фойдасининг қарийб 41 фоизини ташкил этади.
Маълумот учун: Бу Meta корпорацияси учун Ню-Мексико юрисдикциясидаги илк қимматга тушган суд жараёни эмас. Шу йилнинг март ва август ойларида компанияга болалар руҳиятига етказилган зарар учун кўп миллионлик жарима ва компенсация тўлаш мажбурияти юкланган эди. Август ойи охирида эса Meta АҚШ штатлари ва ҳудудлари коалицияси томонидан киритилган даъво аризасини судгача ҳал қилишга рози бўлди. Келишувга кўра, компания даъвогарларга 18 миллиард доллар тўлаш ҳамда вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича янги, қатъий чекловларни жорий этиш мажбуриятини олди.
Cambridge Analytica ва унинг атрофидаги можаролар ҳақида
Cambridge Analytica — сайловчиларнинг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиш ва уларга сиёсий реклама орқали таъсир ўтказиш билан шуғулланган Британиядаги сиёсий консалтинг компанияси бўлган. 2013 йилда ташкил этилиб, 2018 йилдаги йирик можаролардан сўнг ўз фаолиятини тугатган.
Компания оддий сиёсий технологиялардан фарқли ўлароқ, жуда кучли ва хавфли тизим яратган. Хусусан:
1. Маълумотларни яширинча йиғиш
Компания Facebook фойдаланувчилари учун махсус психологик тестлар ва иловалар ишлаб чиққан. Бу тестлардан ўтган одамларнинг нафақат ўз маълумотлари, балки уларнинг Facebookдаги барча дўстларининг (жами 87 миллион фойдаланувчининг) шахсий маълумотлари қўлга киритилган.
2. Психологик портрет яратиш
Йиғилган маълумотлар (ким нимани яхши кўради, қайси постга «лайк» босган, нимадан қўрқади ёки жаҳли чиқади) асосида ҳар бир сайловчининг психологик портрети яратилган. Одамлар бир нечта тоифага ажратилган: масалан, «қўрқувга тез берилувчилар», «миллатчилар», «ўзгаришни хоҳловчилар» ва ҳоказо.
3. Аниқ нишонга олинган реклама (микротаргетинг)
Мана шу портретлар асосида ҳар бир одамга алоҳида мослаштирилган сиёсий рекламалар кўрсатилган. Масалан:
- Агар тизим фойдаланувчини «жиноятчиликдан қўрқадиган одам» деб топса, унинг янгиликлар тасмасида Доналд Трампнинг «муҳожирлар жиноятчиликни оширмоқда, мен уларга қарши девор қураман» деган рекламаси чиқарилган.
- Агар одам қурол ишлатиш ҳуқуқини қўллаб-қувватласа, унга Трампнинг қурол эгаларини ҳимоя қилаётгани ҳақидаги видеолари кўрсатилган.
Cambridge Analytica АҚШдаги 2016 йилги президентлик сайловида Доналд Трампнинг кампаниясида ва Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича ўтказилган Brexit референдумида фаол иштирок этиб, овоз бериш натижаларига жиддий таъсир кўрсатгани айтилади.
2018 йилда бу яширин тизим ОАВда ошкор бўлиб кетгач, бутун дунёда катта можаро келиб чиқди. Бу воқеа ижтимоий тармоқлар орқали одамларнинг фикрини қанчалик осон бошқариш мумкинлигига энг ёрқин мисоллардан биридир.
Агарда ушбу воқеа ҳақида батафсилроқ билмоқчи бўлсангиз, Netflix томонидан суратга олинган «The Great Hack» («Катта найранг») ҳужжатли филмини томоша қилишингиз мумкин. Унда бутун жараён ипидан-игнасигача жуда аниқ кўрсатиб берилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter