Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ЎзМИЖ IPO’си бошланди: акциялар иккита бозорда сотилади

ЎзМИЖ IPO’си бошланди: акциялар иккита бозорда сотилади

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси ўз акцияларининг бирламчи оммавий жойлаштирилишини бошлади. IPO 29 апрелдан старт олди ва 12 майгача давом этади. Таклиф доирасида акциялар маҳаллий ва халқаро бозорларда сотувга чиқарилмоқда.

Жамғарма маълумотига кўра, бир дона оддий акция нархи 4,65 сўм этиб белгиланган. Шу билан бирга, глобал депозитар тилхатлар 25 АҚШ долларидан таклиф қилинмоқда. Битта ГДР 64 700 та акцияга тенг ҳисобланади.

Муомалага чиқарилган акциялар ҳажмидан келиб чиқиб, компаниянинг бозор капиталлашуви тахминан 1,95 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ягона сотувчи сифатида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иштирок этиб, инвесторларга акциядорлик капиталининг қарийб 30 фоизини таклиф қилмоқда.

IPO икки траншда амалга оширилади. Биринчи қисми Тошкентдаги институционал ва чакана инвесторлар учун мўлжалланган бўлиб, савдолар «Тошкент» республика фонд биржасида ташкил этилади.

Халқаро транш доирасида эса глобал депозитар тилхатлар хорижий инвесторларга таклиф қилинади. Жамғарма уларни Лондон фонд биржасининг асосий бозорида жойлаштириш учун ариза топширган.

Якор инвесторлар сифатида «BlackRock», «Franklin Resources», «Redwheel» ҳамда «Allan & Gill Gray Foundation» иштирок этмоқда. Улар жами 300 миллион долларлик активларни сотиб олиш бўйича келишувга эришган.

Ўзбекистон резиденти бўлган жисмоний шахслар учун алоҳида имтиёзлар жорий этилган. Улар 12 миллиард сўмгача бўлган аризаларда 5 фоиз чегирма билан акция сотиб олиши мумкин.

Обуна 12 май куни якунланади. 13 майда жойлаштириш натижалари эълон қилиниши ва Лондонда шартли савдолар бошланиши кутилмоқда. 18 майдан эса асосий савдолар старт олади. IPO якунланганидан сўнг, акцияларни 180 кун давомида сотмаслик мажбурияти ҳам белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг