Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги Тошкент аэропорти қурилиши 2030 йилга бориб хорижлик сайёҳлар сонини 25 миллионга етказиш имконини яратади

Янги Тошкент аэропорти қурилиши 2030 йилга бориб хорижлик сайёҳлар сонини 25 миллионга етказиш имконини яратади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан замонавий транспорт тармоғини яратиш ва бу орқали туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, туризм хизматлари сифатини яхшилашга қаратилаётган эътибор натижасида 2030 йилга бориб хорижий сайёҳлар сони — 25 миллионга, ички сайёҳлар сони эса 50 миллион нафарга етиши мумкин.

Хусусан, янги халқаро аэропортлар қурилиб, уларнинг сони 18 тагача етказилди. Ҳудудларда 7 та халқаро аэропорт замон талабларига мувофиқ таъмирланмоқда. Шунингдек, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар сони йилдан-йилга ошиб бораётгани сабабли, соҳадаги етакчи хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакилларини инобатга олган ҳолда Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт ҳам барпо қилинмоқда.

Ҳозирда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Россия, Польша каби давлатларнинг 51 та авиакомпанияси Ўзбекистонга доимий қатновларни амалга оширмоқда. АҚШдан 22 та замонавий «Boeing» самолётининг харид қилиниши эса Ўзбекистонни Жануби-Шарқий Осиё, Европа, АҚШ ва бошқа минтақалар билан боғлаб, сайёҳлар ҳамда ишбилармонлар учун янги имкониятлар яратмоқда.

Шу билан бирга, мамлакат ичида темирйўл ва автомобиль инфратузилмаси ҳам модернизация қилинмоқда. Туристик йўналишларни боғловчи янги қулай электро-поездлар ва тез-юрар поездлар, электробуслар қатнови йўлга қўйилмоқда, автобус парки ҳамда йўлбўйи инфратузилмаси мамлакатимизнинг чекка ҳудудларини ҳам қамраб олган туристик маршрутлар бўйлаб ривожлантирилмоқда.

«Ўзбекистонга ташриф буюрадиган туристлар сонини 2030 йилга бориб 25 МИЛЛИОНга етказиш мақсад қилинган. Ҳозирда юртимизга ҳар ой 1 МИЛЛИОНдан ортиқ турист келмоқда. Белгиланган мақсадга эришиш учун эса бу кўрсаткични ойига 2 МИЛЛИОНдан оширишимиз лозим. Президентимизнинг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, аэропортлар сонини ошириш ва уларнинг ўтказувчанлик қобилиятини яхшилаш, рейслар, меҳмонхоналар сонини кўпайтиришга қаратилган ислоҳотлари туристик инфраструктура­ни янада яхшилаш ва хорижлик туристлар сонини бемалол 25 МИЛЛИОНга етказиш имконини беради», — деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.

Олиб борилаётган ислоҳотлар замонавий, қулай ва хавфсиз транспорт тизимини яратиб, Ўзбекистонни маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун янада қулай ва севимли масканга айлантириши шубҳасиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг