«Биз ўз уйимизда хавфда яшаяпмиз...» — ваъдалардан чарчаган аҳоли (видео)

Бухоро вилояти, Ромитан тумани марказидаги икки қаватли уйлар аҳволи аҳоли яшаш учун ноқулайлик туғдирмоқда. Мутасаддилар ваъда бермоқда, аммо, амалда кўзбўямачиликдан нарига ўтилмаяпти.
Бир нечта икки қаватли «совет» уйлари 1965 йилда қурилган. Тузилиши бўйича ўтган аср меъёрларига мос. Бугун у намиққан ва ёғочлари чириётган чердак, деворларида ёриқлар ва санитарияга зид шароитда «чидаб» яшаётган иншоотга айланган.
Аҳоли йиллар давомида бир неча бор туман ҳокимлиги, маҳаллий кенгаш ва масъул ташкилотларга мурожаат қилиб келишган. Аммо, мурожаатларга жавоб сифатида фақат «ваъда»лар берилган, холос.
– Уйда каламуш, калтакесак, ҳатто, илонлар чиқаётганини кўрдик. Ҳар куни ўзимиз ва болаларимиз саломатлигидан қўрқувда яшаймиз. Ўта таъмирга муҳтож. Мурожаат қилиб бормаган жойимиз қолмади. Раҳбарлар кўзимизга қарамайди, – дейди маҳаллий аҳолидан бири.
Таҳририятимизга ушбу мурожаат жорий йилнинг сентябрь ойи охирларида келиб тушган эди. Мазкур мурожаат юзасидан манзил сари йўл олдик. «Қайсидир маҳаллага киришдан олдин эшигини тақиллат» деган қоидага амал қилиб, йўлдаёқ Ромитан тумани ҳокими Умиджон Барноев билан қўнғироқлашдик. Мурожаатга кўра, аҳоли ўз «доми» аҳволидан жудаям норози экани, неча йиллардан буён турли ташкилот ва идораларга мурожаат қилишмасин, ижобий ўзгариш бўлмаётгани хусусида билдирдик. Туман ҳокимидан жўяли жавоб олдик: «Масъулларимни жўнатаман. Агар ҳолат ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, муаммо ҳал этилади», – деди у.
Ўтган асрнинг уйи, бугуннинг муаммоси
Биз туман марказида жойлашган Зарафшон МФЙ ҳудудидаги Садриддин Айний кўчаси 2- ҳамда 4-уйларга етиб келдик. Уй деворлари тўкилиб, сувоқлари эскириб кетган. Икки ён тарафдан темир арматуралари чиқиб турган деворлар, чириб кетган чердак, ёрилиб кетган зинапояю том усти шефирлари, қаровсизликдан ачинарли кўриниш касб этган уй орқа қисми ... таҳликали ҳолатни эсга солади. Бир қарашда, «ҳозирги замонда ҳам шундай «дом»лар қолганми?» деб ўйлаш қийин эмас. Бу ерда болалар ўсаяпти, қариялар яшаяпти. Ҳеч қандай болалар ўйингоҳи йўқ. «Дом» «туғилганидан» бошлаб, ўз-ўзини сув билан таъминлаш (иссиқ ва совуқ сув етказиб берувчи қувурлар йўқ) тизимига, яъни ер усти сувини тўплаб бориш учун қазилган қўлбола ўралардан фойдаланишга мослашган. Сув таъминоти йўқлиги боис, одамлар ҳалигача қўлбола сув ўраларидан фойдаланишга мажбур. Афсуски, усти ёпиқ бўлишига қарамай, бу ўралар ичида йиғилиб қолган сувлар анчадан бери тўхтаб қолгани учунми нохуш ҳид тарқатади. Ўра чанг ва қум зарралари билан қопланиб, турли ҳашорат ва касалликлар ўчоғига айлангани кўзга яққол ташланади.
Аммо, аҳолининг ҳам ўз эътиборсизлиги сабаб туғилаётган муаммолар йўқ эмас. Подъезларда одамларнинг ўзбошимчалиги билан тортилган ва хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаган ҳолда осилиб ётган очиқ электр симларини кўриб, ҳайратимиз янада ошди. Камига айрим фуқаролар уйнинг ён тараф деворларини ўйма-тешик қилиб, ундан қайсидир хизматлари учун фойдаланишган. Атроф тозаланмаган, бегона ўт ва янтоқлар босиб ётибди. Дарахтларга ишлов берилмаган. Ачинарли аҳволда.
Уйдан илон чиқса, бу санитария эмас, хавфсизлик муаммоси!
Уйдан илон, калтакесак, юрмонқозиқ ва ҳатто, каламуш чиқиб турган бир пайтда, бу фақат санитария муаммоси эмас – бу инсон хавфсизлиги муаммосидир. Аҳоли бу масалада бир марта эмас, бир неча марта мутасадди идораларга, маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилган. Лекин, жавоб битта: «Ўрганамиз», «Ваъда берамиз», «Ҳал қиламиз». Ваъдадан бошқа натижа йўқ.
– Биз чарчадик, – дейди яна бир фуқаро. – Ҳар йили уй учун хизмат кўрсатиб келаётган компанияга белгиланган миқдордаги пулни тўлаб келамиз. Уйнинг ташқи фасади, том қисми, зина ва унинг деворларининг таъмирини талаб қилсак, «сенлар ўзи қанча тўлайсанлар!» деган пўписани эшитамиз. Бу хизмат миқдорининг оз ёки кўплигини биз белгилаб қўймаган бўлсак, ахир. Шундоқ туман марказида яшаймиз. Ташландиқ ва хароб манзарани кўриб турибсизлар. Неча марта ҳоким қабулига ҳам кирдик. Натижа йўқ.
Фуқароларнинг сўзига кўра, икки қаватли бу уйларда амалга ошириб келинаётган ишлар сифатсиз ва кўзбўямачиликка асосланган. Бирор маротаба сидқидилдан бажарилмаган. Ҳатто, бир неча бор усталарнинг ҳам меҳнат ҳақлари тўланмаган. Маълум бўлишича, ушбу уйларга «Аслон Ислом қурилиш» бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатади.
– Бизга бу серваис компания хизмати умуман керак эмас. Компания раҳбари Аслон Атоев сайъ-ҳаракатларидан мутлақо норозимиз. У ҳеч қачон бизни эшитмаган, эшитган тақдирда ҳам эътибор қаратмай, муаммоларни ўз ҳолига қолдириб келган, – дейди кейинги фуқаро.
– Алам қиладигани нима, биласизми, подъездлар олдига ўриндиқлар ўрнатишди. Биз «дом»имиз тарихидаги бу ўзгаришдан роса хурсанд бўлдик. Сурат ва видеоларга олишди. Афсуски, кун ўтмай, ўзлари ўриндиқларни олиб кетишди. Уят, шармандалик-ку, бу, ахир! Бу қилиқларидан ўзлари кулгига қолишдан уялишмайдими? – сўзлайди яна бири.

Биз эса суриштирув давомида аҳолининг саволига Аслон Атоевдан жавоб кутдик. Компания раҳбари: «Ўриндиқлар бор, турибди» – деган мужмал жавобдан нарига ўтмади.
«Замҳоким» огоҳлантирди: «Компания раҳбарини дарахтга боғлаб қўяман!»
Суриштирув давомида туман ҳокими ўринбосари Жўрақул Мустафоев ҳам ҳозир бўлди. У дастлаб, бу масала бўйича интервью беришдан бош тортди. «Мени олиш шарт эмас, мени олиб ўтирманг!» дея камерага олмаслигимизни сўради. Биз эса унинг туман ҳокими томонидан саволларимизга жавоб бериш учун юборилгани, агар жавоб бермаса, жараёнга иштирок этиши ҳам шарт эмаслигини эслатдик. Шундан сўнггина ҳоким ўринбосари саволларимизга жавоб берар экан, у аҳоли билан юзма-юз мулоқотда қайта-қайта «замҳоким» сифатида ваъда бераман»дан тўхтамади.

– Севис компания шу пайтгача нима хатти-ҳаракат қилган – бу билан шуғулланишади. Халқнинг олдида айтаяпман, биз ҳалқимиз учун керак бўлса, бундай раҳбарларнинг беш-ўнта, керак бўлса, юзтасидан ҳам воз кечамиз. Мен «замҳоким» сифатида айтаяпман. Бугун 18 сентябрь бўлса, 1 октябрь санасидан ишни бошлайди. Бу дастурда борми-йўқми, киссасида пули борми-йўқми, қарз оладими, чорвасини сотадими, машинасини сотадими, бу менга қизиқ эмас. Мен «замҳоким» сифатида талаб қўяман: 1 октябрь санасидан ишни бошлайди. Бажарамиз. Давлат бу лавозимга бизни ишониб қўйибдими, мен сизларни алдамайман. Ваъда берганимдан кейин «замҳоким» сифатида сўзимнинг устидан чиқишим керак. Охирги гапимни айтаяпман: сизлар ишонмаяпсизлар, аммо, 20 октябрдир балки, охири, ўша пайт сизлар билан гаплашамиз. 1 октябрдан шу ерда бўламан. Масъулимни олиб келаман. Компания раҳбарини ана бу дарахтга боғлаб қўяман (бармоғини бигиз қилиб) 15 кун кетмайди шу ердан. Буни мен «замҳоким» сифатида айтаяпман: усталар 2 октябрда келмайди, 1 октябрда келади. Ундан олдин келса келадики, бир кун кечикмайди. Ортиқча гап керак эмас! – дейди Жўрақул Мустафоев ҳар икки сўзининг бирида «замҳоким»лигини эслатиб қўяётгандек.
Журналистик суриштирувдан кейин... «ремонт»?
Журналистлар томонидан ўтказилган суриштирувнинг эртасигаёқ туман ҳокими ўринбосари ушбу уйни таъмирлаш учун иш бошланганини билдирди. Маълум бўлишича, таъмирлаш гуруҳлари ҳам келган. «Таъмирлаш ишлари авжида, куч-ғайрат билан бажарилаётгани» акс этган сурат ва видеотасвирлар жўнатилди.
Аммо, аҳолининг таъкидлашича, таъмирлаш ишлари фақат ранг бериш, бир неча деворни чала бўяш ва қисман оғриқли жойларни ёпиш билан чекланган.
– Уларнинг ишлари ҳам, гаплари ҳам ёлғон. Фақат сиз журналистлар келганда, бироз ҳаракатга тушишди. Кейин яна ҳаммаси аввалгидек тинч ва жим бўлиб қолди.Бу –таъмир эмас, кўзбўямачилик. Ҳаммаси сифатсиз, материаллар арзон, ишлар чала. Юза қатлами кўчиб тушаётган деворларига қисман қўл теккизилган. Ёриқлар ҳам ўша-ўшалигича қолган, – дея тасвирлар орқали изоҳлаб, бизга яна қайта мурожаат қилишди фуқаролар. Раҳбарлар эса жавоб бериш ўрнига – ваъдалар билан чекланмоқда, – дейишади одамлар куйиниб.
Енгил-елпи, шунчаки, «юринг, кетайлик»ка қилинган таъмирлаш ишларига жалб этилган усталарнинг ҳам меҳнат ҳақлари берилмаган. Деворлар тагига оддий ранг суртилиб, «битта қатлам бўёқ» билан таъмирланди, деб ҳисобланган.
– Бизга сифатсиз ва яроқсиз қурилиш маҳсулотларини келтириб беришса, нима қилайлик. Чўнтагимиздан харид қилмаймиз-ку! Бир кун ўтгач, супириб, артилса, ўчиб кетадиган мойбўёқлардан бошқа нимани кутиш мумкин?! – дейишади усталар.
«Буёғига бир ёрдам қилинг, журналист опа... »
Ушбу ҳолатлар юзасидан аниқ амалий ечим кўрсатилмаган. Маҳаллий аҳоли туман ҳокими ўринбосари ўшандан буён кўринмагани, ўша куни умумий ваъдалар билан осонгина «қутилиб» олганини иддао қилишди. Ширкат раиси эса аҳоли билан мулоқотдан қочаётгани, мурожаатларга жавоб бермаётганини билдиришди.
Биз эса масъуллардан: «Кириш йўлларини тугатиб бердик. Фасад қисмини ҳам бошлайман... Буёғига бир ёрдам қилинг, журналист опа, қўлдан келганча ҳаракат қиляпмиз», – деган жавоб олдик.
«Буёғига бир ёрдам қилинг» – журналистлар учун таниш иборага айланиб қолган. Шунга қарамай, биз уларга «бир ёрдам» қилдик: ижобий натижани роппа-роса бир ой кутдик. Аҳолига берилаётган ваъдалар бажарилмас, «таъмирландими-таъмирланди» қабилидаги ҳаракатлар давом этаверар экан, халқнинг ишончи сўниб бораверади. Муаммолар эса ечим эмас, баҳона тагига кўмилиб кетаверади. Жавобгарлик эса «буёғига бир ёрдам қилинг» деган жумла ичида йўқолиб кетмаслиги керак. Жамият ўзгариши учун биринчи навбатда масъуллар ўз қарашини ўзгартириши, ваъдаларни эмас – амални танлаши лозим.
Масаланинг ечими бор, лекин, масъулият керак
Бугун замон билан ҳамнафас яшаш учун кураш кечаётган бир паллада «совет» уйларини тўлиқ реконструкция қилиш – ички ва ташқи тузилишини замонавий талабларга мослаштириш ҳақида ўйлаб кўрилмаган. Ҳоким ўринбосари эса ечимни «дом»нинг «опенбюджет»га тушмаётгани муаммосига тақамоқда.
Бундай вазиятларда балки, таъмирлаш жараёнини маҳалла ва фуқаролар иштирокида ташкил этиш ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш керакдир, назаримизда. Шунингдек, масъул шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш ҳамда амалга ошмаган ваъдалар учун ҳисобот бериш тизимини жорий этишда туман ҳокими шахсан аралашуви энг тўғри йўлдир.
Бу оғриқли масала фақат битта уй ёки бир маҳаллага хос эмас. Фуқароларнинг овози етиб бормаётгани, ваъда бериб, бажарилмай, айрим масъулларда ўзини оқлаш амалиёти кенг тарқалгани, шахсий жавобгарликнинг йўқлиги муаммоларнинг ечимсиз қолишини таъминлайверади.
Вақт келди: масъуллар маҳаллий муаммоларни юзаки эмас, ечимли ёндашув билан ҳал қилиш, аҳолига шароит яратиш, халқ манфаати охирги ўринда қолмаслигини таъминлашни унутилмаслиги лозим.
1965 йилда қурилган уй бугун фақат «эски бинo» эмас, балки, муаммоларнинг жонли намунасидир. Агар биз бу уйнинг таъмирига фақат бўёқ билан ёпиштириш, деб қарасак, эртага яна шундай ўнлаб уйлар, юзлаб фуқаролар минглаб ваъдалар остида қолиб кетаверади.
Ваъда эмас, амалий ҳаракат керак!
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter