1 сентябрдан йўлкира шаҳар автобусларига чиқиш вақтида тўланади
Ўзбекистонда мунтазам шаҳар автобус йўналишларида йўловчи ташиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ҳукумат қарори қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 276-сон қарорига мувофиқ, жамоат транспортини модернизация қилиш, экологик тоза транспорт воситаларини жалб этиш ва тўлов интизомини кучайтириш бўйича қатор янгиликлар жорий этилади.
Қарорга кўра, ҳайдовчи билан бирга камида 60 нафар йўловчи ташиш имкониятига эга бўлган, «Евро-5» ва ундан юқори экологик талабларга жавоб берадиган янги автобус, электробус ва троллейбуслар 2027 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистонга импорт қилинганда уларга нисбатан утилизация йиғимининг нол ставкаси қўлланилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб брутто-шартнома асосида ташкил этилган шаҳар автобус йўналишларида йўлкира ҳақини тўлашнинг янги тартиби жорий этилади.
Унга кўра, йўловчилар автобусга чиқиш вақтида транспорт картасини валидаторга теккизиш, банк картаси ёки смартфон орқали NFC, QR-код, биометрик ва бошқа замонавий технологиялар ёрдамида тўловни амалга ошириши лозим бўлади. Имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқига эга фуқаролар ҳам ижтимоий ёки транспорт картасини валидаторга теккизиш орқали ушбу ҳуқуқини тасдиқлайди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, йўлкира ҳақи автобусга чиқиш пайтида белгиланган усуллар орқали тасдиқланмаса, йўловчи чиптасиз ҳаракатланаётган деб ҳисобланади.
Қарор билан шаҳар автобус йўналишлари тушунчасига ҳам ўзгартиш киритилди. Энди шаҳар ҳудудидан 5 километргача, айрим ҳолларда эса тасдиқланган бош режаларга мувофиқ 12 километргача чиқувчи йўналишлар ҳам шаҳар автобус йўналишлари сифатида эътироф этилади.
Бундан ташқари, Транспорт вазирлигига 2026 йил 1 сентябрга қадар пойтахт жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темир йўл қатновларида йўлкира ҳақини тўлашнинг ягона интеграциялашган тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди. Ушбу тизим доирасида «электропоезд–автобус» ва «электропоезд–метро» каби жозибадор тариф режаларини ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган.
Мутахассислар фикрича, мазкур ўзгаришлар жамоат транспортида ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш, нақд пул айланмасини қисқартириш ва йўловчилар учун янада қулай транспорт тизимини шакллантиришга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter