200 долларлик «хизмат»нинг аччиқ баҳоси: Сирдарёда хавфли қаҳвалар тўхтатилди
Сирдарёда таркибида «Сибутрамин» кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган оздирувчи қаҳваларни олиб ўтаётган ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Божхона қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг «Малик» чегара маскани орқали юртимизга кириб келган фуқаро бошқарувидаги «Lacetti» автомобили белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Ушбу транспорт воситаси юклари орасида назоратдан яширилган, 8 ва 10 граммлик пакетчаларга қадоқланган 3 хилдаги кофе маҳсулотлари топилди.
Суриштирув давомида маълум бўлишича, ҳайдовчи 2 258 дона мазкур биологик фаол қўшимчани 200 АҚШ доллари эвазига яширинча олиб ўтишга уринган. Мутасадди идоранинг марказий лабораторияси эксперт хулосасига кўра, ушбу ичимлик таркибида «Сибутрамин» кучли таъсир қилувчи моддаси мавжудлиги тасдиқланди.
Эслатма: Ўзбекистонда муомаласи чекланган мазкур воситанинг ҳаттоки ярим грамми ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter