6 та давлатдан мутахассисларни бирлаштириб: Бухорода нефть ва газ бўйича халқаро мусобақа ўтказилмоқда
Бугун қадимий ва доимо навқирон Бухоро шаҳрида нефть ва газ соҳаси мутахассисларининг билим ва маҳорат синови бошланди. Бу – «Бир макон - бир йўл» доирасида касбий маҳорат бўйича СНПС халқаро мусобақаси 2025 бўлиб, у илк бор Ўзбекистонда ўтказилаяпти.
Мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Нигер, Мянма ва Бенин давлатларидан жами 9 жамоа иштирок этмоқда. Улар орасида қитъаларни боғловчи етакчи энергетика компаниялари бор: «Asia Gas Pipeline», «CNPCI Turkmenistan», «Bieneu -Shymkent Gas Pipeline», «West African Gas Pipeline Company», «Kazakhstan–China Pipeline & MunaiTas – KazTransOil», «South-East Asia Pipeline», «China Petroleum Engineering & Construction Corporation», «O’ztransgaz» ва албатта «Asia Trans Gas» МЧЖ — Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигидаги қўшма корхона.
«Бухоро доимо маҳорат, илм ва меҳнат рамзи бўлиб келган. Шунинг учун ҳам бу шаҳарда халқаро мусобақа ўтказилиши биз учун ифтихор ва катта масъулият. Бу нафақат рақобат, балки тажриба алмашиш ва дўстлик майдонидир,» — деди Отабек Комилов, «Asia Trans Gas» МЧЖ ҚК сининг Бухоро Магистраль Газ Қувурларини Бошқариш Бўлими бошлиғи ўринбосари.

Танлов дастури олтита йўналишни бўйича бўлиб ўтади, булар:
-Юк кўтариш ишлари мусобақаси
-Электротехника бўйича мусобақа
-Қувурларни ўрнатиш мусобақаси
-Пайвандлаш мусобақаси
-Автоматлаштириш ва ўлчов асбоблари бўйича мусобақа
-Катод ҳимояси мутахассислари маҳорат мусобақаси.
Кураш асосий 36 та медаль учун олиб борилади. Улардан 8 та олтин, 12 та кумуш ва 16 та бронза. Шунингдек, «Энг яхши ташкилотчи бўлим» ва «Илғор меҳнат фидойиси» номинациялари бўйича алоҳида мукофотлар ҳам берилади.

«CNPC «Belt and Road» халқаро мусобақаси маҳорат, аниқлик ва жамоавий руҳ байрамидир. Ҳақиқий профессионаллик нафақат билим, балки тажриба алмашишга тайёрлик билан ҳам намоён бўлади. Шунинг учун, ҳар бир иштирокчи, натижадан қатъи назар, аллақачон ғолибдир - ахир улар ўз мамлакатини, компанияси ва касбининг энг яхши анъаналарини намойиш этадилар,» – дея изоҳ берди «Ўзбекнефтгаз» АЖ раисининг қурилиш ва транспорт бўйича ўринбосари Ғайрат Юлдошев.
Мусобақа CNPC (Хитой миллий нефть корпорацияси) томонидан «Ўзбекнефтегаз» АЖ кўмаги билан ташкиллаштирилган бўлиб, «Asia Trans Gas» МЧЖ ҚК унга мезбонлик қилмоқда.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар нафақат иштирокчилар малакасини оширади, балки мамлакатлар ўртасидаги ишонч ва дўстликни мустаҳкамлайди.

«Иқтидорли кадрлар замонавий корхоналарни ривожлантириш учун асосий ресурс ҳисобланади. Малакали халқаро ишчи кучини ривожлантириш қувурларнинг хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлаш учун жуда муҳимдир. «Корхонанинг асосий ресурси сифатида одамлар» концепциясига содиқ қолган ҳолда, CNPC «юқори малакали кадрлар гиганти» лойиҳасини амалга оширмоқда, кадрлар тайёрлаш тизимини яратмоқда, рағбатлантириш механизмларини такомиллаштирмоқда, ходимларни ривожлантиришни кучайтирмоқда, ўз ҳудудларида хорижий ходимларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширмоқда ва қувур операцияларини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ва ихтисослашган юқори малакали темир армиясини яратмоқда,» - дея таъкидлади Ху Хумин, CNPC Инсон ресурслари департаменти бош директорининг ўринбосари.
Танлов 29-31 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Бухоро Магистраль Қувурлар Бош Бошқармаси ҳудудида мусобақа учун махсус майдонлар қурилган бўлиб, улар реал иш жараёнлари олиб бориладиган масканларга максимал ўхшаш тайёрланган. Бу иштирокчилар ўзларини реал вазиятда хис қилишлари учун муҳим омил.

Мусобақа шартлари бўйича қувур ўрнатиш усталари қувурларни аниқ йиғиш ва улашни амалга оширадилар, сўнгра нуқтали пайвандлаш, геометрик аниқлик ва жамоавий иш мувофиқлигини намойиш этадилар. Пайвандчилар CNPC стандартлари бўйича аргонсимон ва ярим автоматик пайвандлашда рақобатлашади, илдиз ва қопқоқ пайвандларини юқори сифат ва ташқи кўриниш талаблари билан бажарадилар. Такелажчилар 25 тонналик KAMAZ KLINTSY кранини бошқаради, бу оғир юкни аниқ кўтариш ва ўрнатишни талаб қилади. Эътиборлиси шундаки, унинг барқарорлигини текшириш учун теннис коптокларидан фойдаланилади.
«Бухорога боришимизни эшитиб қувондим. Илгари мамлакатингиз тўғрисида эшитганман, лекин интернетда Бухоро деб қидирув берганимда бу гўзал шаҳар расмларини кўриб хайратландим. Чиройли маскан, меҳмондўст одамлар. Биз, иштирокчилар учун барча шароитлар аъло даражада яратилган. Бизни тантанали кутиб олишди. Мусобақа учун ҳам барчаси юқори даражада ташкиллаштирилган. Бугун очилиш маросимидан сўнг Техник Хавфсизлик қоидалари тўғрисида алохида маълумот берилди. Бугун ва эртага медаллар учун курашамиз. Ғолиб бўлмасам ҳам бундай нуфузли халқаро мусобақада қатнашишимнинг ўзи мен учун ғалаба!» – дея ўртоқлашди Мьянмадан келган иштирокчи Каунг Мят Кяв.
Ғолибларни тадқирлаш ва тантанали ёпилиш маросими 31 октябрь куни бўлиб ўтади. Тадбир нафақат касбий маҳорат баҳси, балки Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимиз ишончли ҳамкор ва Марказий Осиёдаги технологик ва кадрлар тайёрлаш маркази сифатида намоён бўлмоқда. Бу мусобақа нафақат кучлилар беллашуви, балки тажриба ва инсоний қадриятларни боғловчи кўприкдир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter