Алиментдан қочган эркак ўз хотинини «Дамас»да уриб кетди

Алимент тўламаслик учун масъулиятни ҳис этмаган айрим оталар жиноий хатти-ҳаракатлардан ҳам тўхташмаяпти.
«Бироқ, алимент тўловидан қочиб ёки ундан бўйин товлаб қочиб кетадими, яширинадими ва ҳатто, суд қарори билан 15 сутка қамоқ жазосини ўтаб чиқадими, барибир, ота вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўлашга мажбур. Фарзандларни таъминотисиз қолдириш — жиноят. Ҳар бир ота фарзанд масъулиятини унутмаслиги шарт»,— дейди Бухоро вилоят Суди ахборот хизмати раҳбари Феруз Шаропов.
Ижтимоий тармоқларда «Алиментдан воз кеч ёки мендан яхшилик кутма» сарлавҳаси остида тарқалган хабар фойдаланувчилар ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ҳолатга кўра, Навоий вилояти, Қизилтепа туманида яшовчи фуқаро Ш.А. узоқ йиллар давомида мунтазам равишда турмуш ўртоғи З.Д.ни сиқувга олиб, уриб, ҳақоратлаб келган. Бироқ, 4 нафар фарзандга она бўлган З.Д. «остонадан югуриб чиқадиган келин» деган гап-сўзлардан қочиб, сабр билан машаққатли кунларни бошидан ўтказган.
Бироқ, у кейинчалик «узоқ йиллик уйқудан кўз очган» ва фарзандлари учун тирик қолиш мақсадида судга ажрим учун ариза берган.
Навоий вилояти Фуқаролик суди жорий йилнинг 12 августида ажрашиш масаласини кўриб чиқиб, 3 ой муддат белгилаган. Шунингдек, суд Ш.А.га 4 нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент тўлаши юзасидан ҳам қарор чиқарган. Афсуски, 13 август куни Ш.А. турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб, «Алиментдан воз кеч, акс ҳолда, мендан яхшилик кутма»,— дея таҳдид қилган.
14 август куни тонгда Ш.А. ўзига тегишли бўлган «Дамас» русумли автомашинасида уйидан чиққан ва йўл четидан кетаётган турмуш ўртоғини уриб юборган. Натижада З.Д. оғир жароҳат олган.
Ш.А. З.Д.ни ҳушсиз ҳолатда туман марказий шифохонасига олиб келган. Унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Шунга қарамай, оғир аҳволдаги бемор узоқ вақт ҳушига келмаган. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, умуртқаси синиб, асаб томирлари шикастланган. Белидан паст қисми фалаж бўлган.
Маълум бўлишича, ҳолат юзасидан тезкор-суриштирув ишларини бошлаган ички ишлар органлари ходимларига Ш.А. ушбу ҳолатни қасддан содир қилмаганини, бахтсиз ҳодиса туфайли уриб юборганини ва шу боисдан, З.Д.ни ўзи касалхонага зудлик билан олиб келганини билдирган. Ва шунга кўра, Ш.А.нинг хатти-ҳаракатларига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бироқ, орадан маълум муддат ўтгач, оғир аҳволдаги бемор ҳушига келган ва асл ҳолатни очиқлаган. З.Д. ички ишлар органлари ходимларига турмуш ўртоғи Ш.А уни бошқа тасодиф туфайли эмас, балки, у йўл четидан юриб бораётганида, «Дамас» автомашинасида қасддан уриб, босиб ўтиб кетганини билдирган.
З.Д.нинг яқин қариндошлари эса дастлабки тергов давомида қўзғатилган жиноят ишидан норози бўлиб, воқеани қасддан уриб кетиш ва қочиб кетиш, деб ҳисобламагани, унга енгил айблов қўйилгани, айбдорнинг қамоқда эмас, озодликда юргани, шунингдек, З.Д.нинг саломатлиги оғир экани юзасидан шикоят қилишган.
«Маълумки, Жиноят содир этган шахсга нисбатан суд ҳукмига кўра, тегишли жазо қўлланилади. Айбдорнинг айни пайтда озодликда юргани бу унинг жазосиз қолаётганини кўрсатмайди. Айни пайтда ҳам ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Таъкидлаш жоизки, фуқаро З.Д. ҳушига келгач, тергов ҳаракатларига жалб қилинган ва у турмуш ўртоғи томонидан автомашинаси орқали қасддан уриб кетилганини баён қилган. Унга қадар содир этилган йўл транспорт ҳодисаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 266-моддаси, 1-қисми асосида жиноят иши қўзғатилган. Бироқ, ҳолат ойдинлашгач, олиб борилаётган иш қайта малакаланиб, гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси, 2-қисми билан иш қўзғатилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳеч бир шахс, ҳеч бир айбдор қонундан қочиб кета олмайди. Содир этилган ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррар», — дейди Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter