Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Алиментни ота-онанинг маошига эмас, боланинг эҳтиёжига қараб белгилаш таклиф қилинди

Алиментни ота-онанинг маошига эмас, боланинг эҳтиёжига қараб белгилаш таклиф қилинди

Ўзбекистонда алимент миқдорини ҳисоблаш тартибини қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова маълум қилди.

Унинг айтишича, сўнгги вақтларда алимент тўлашдан қочиш ёки унинг миқдорини камайтириш мақсадида айрим шахслар ҳақиқий даромадини яшириб, ўзини минимал маошли иш жойига расмийлаштираётган ҳолатлар кузатилмоқда. Натижада алимент миқдори боланинг реал эҳтиёжларини қоплаш учун етарли бўлмаслиги мумкин.

Шу муносабат билан ҳар бир боланинг ёш тоифаси бўйича минимал истеъмол саватини белгилаш таклиф қилинмоқда. Янги ёндашувга кўра, алимент миқдорини белгилашда фақат ота ёки онанинг расмий маоши ва даромади эмас, балки боланинг яшаши, озиқ-овқати ва бошқа зарур эҳтиёжларини таъминлаш учун талаб этиладиган минимал харажатлар асос қилиб олиниши мумкин.

Каттахонова бу ўзгариш боланинг моддий таъминотини мустаҳкамлаш ва кафолатлашга қаратилганини таъкидлади.

Шунингдек, алимент ундириш жараёнига доир яна бир таклиф билдирилди. Унга кўра, ҳозир Мажбурий ижро бюроси амалга ошираётган алимент ундириш билан боғлиқ айрим жараёнларни хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш имконияти кўриб чиқилиши мумкин.

Қўмита мазкур таклифларни қонунчиликка киритишни режалаштирмоқда. Ҳозирча бу нормалар қабул қилингани йўқ — улар таклиф сифатида билдирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг