Амалдорларга ҳар ойда икки кун хизмат машинасидан фойдаланиш тақиқланмоқда
Президентнинг «Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, давлат хизматчилари учун расмий транспорт воситаларидан фойдаланишга чекловлар жорий этилмоқда. Хусусан, 2026 йил 1 майдан бошлаб Тошкент шаҳрида махсус «автомобилсиз кун»лар белгиланади.
Унга мувофиқ, ҳар ойнинг 10- ва 25-кунлари давлат хизматчилари хизмат автомобилларидан фойдалана олмайди. Улар ишга жамоат транспорти, велосипед ёки пиёда бориши шарт қилиб белгиланган.
Шунингдек, фармонда транспорт соҳасини экологик жиҳатдан ислоҳ қилишга қаратилган бошқа ташаббуслар ҳам назарда тутилган. Жумладан, 2026 йил 1 августдан эски транспорт воситаларини топширган шахсларга янги автомобиль хариди учун автокредит фоизининг бир қисмини қоплаш тизими жорий этилади.
Бу механизм «trade-in» дастури доирасида амалга оширилиб, аҳоли ва бизнес учун қулайликлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шу орқали автопаркни янгилаш рағбатлантирилади.
Бундан ташқари, йил якунига қадар Тошкент шаҳри ҳудуди «қизил», «сариқ» ва «яшил» зоналарга ажратилади. Барча транспорт воситалари учун экологик тоифани тасдиқловчи махсус стикерлар жорий этилиши режалаштирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter