Блогер Темурмаликнинг отаси вафоти юзасидан текширув бошланди
Таниқли блогер Темурмалик жорий йил 14 апрел куни отасининг Самарқанд шаҳар ИИБ ходимлари томонидан Самарқанд тумани руҳий хасталар шифохонасига олиб борганидан сўнг сирли тарзда вафот этганини маълум қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ҳолат бўйича текширув ўтказишларини сўраб чиқди.
Блогернинг ёзишича, сўнгги пайтларда отаси алцгеймер касаллиги билан оғриб келган ва у оила аъзолари томонидан уй шароитида парваришлаб келинган. Аммо, жорий йил 10 апрел куни отаси, блогернинг таъкидлашича, «сирли равишда ғойиб бўлган». Бир кун давоида қидириб, уни Самарқанд тумани руҳий хасталар шифохонасидан топишган. Аммо ўша куни шанба бўлгани боис, шифохонадагилар беморни фақатгина душанба куни бошлиқнинг рухсати билан қўйиб юбориши мумкинлигини айтади. Душанба куни эрталаб блогер отасини уйга олиб келади.
Аммо, унинг аҳволи ўша пайтда оғир бўлган. У уйга қайтганидан кейин бир сутка давомида ўзига келмай ётиб, охири 14 апрел, сешанба куни вафот этган.
Бош прокуратура, мазкур ҳолат юзасидан маълумот бериб, 1956 йилда туғилган фуқаро В.Т. нинг вафоти юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини хабар қилди.
«Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши таъминланиб, натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилинади», – дейилади БП ахборотида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter