Болалар меҳнати Ўзбекистон учун узоқ йиллар оғриқли масала бўлган – Президент

Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари билан учрашувда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масаласига тўхталди.
«Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш узоқ йиллар биз учун энг оғриқли масала бўлиб келган эди. Фақат кучли ирода, қатъий позициямиз орқали биз бу мураккаб муаммони ижобий ҳал қилдик», - деди Президент.
Ўзбекистоннинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича илғор тажрибаси Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан намуна сифатида бошқа давлатларга тавсия этилгани ҳам шундан далолат беради.
Ўзбек пахтаси дунёдаги кўплаб нуфузли бренд компанияларнинг «қора рўйхати»дан чиқарилди. «Cotton campaign» ташкилоти Ўзбекистонга қўйилган тақиқни бутунлай бекор қилди.
Ўзбекистон саноқли давлатлар қаторида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Адолатли ўтиш жараёнлари учун иш ўринлари яратиш ва ижтимоий ҳимоя бўйича глобал акселератор» ташаббусида иштирок этмоқда, Халқаро меҳнат ташкилотининг «Ижтимоий адолат бўйича глобал коалицияси»да қатнашмоқда, мамлакатимиз ўтган йили ушбу ташкилотнинг Маъмурий Кенгаши аъзолигига сайланди.
«Ҳеч шубҳасиз, биз эришаётган натижаларда 8 миллионга яқин аъзога эга, энг халқчил ва катта нодавлат ташкилоти бўлган касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор.
Биз Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши учун барча шароитларни яратиб бердик ва мана шу принципларга ҳамиша содиқмиз. Бундан буён ҳам касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини таъминлаш, уларнинг фаолиятига аралашмаслик бўйича сиёсатни қатъий давом эттирамиз», - деди Президент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter