Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Дарахтларга зўравонлик: кесиш, сотиш, узр сўраш ва яна кесиш

Дарахтларга зўравонлик: кесиш, сотиш, узр сўраш ва яна кесиш

фото: Экология вазирлиги

Дарахт экишни билмайдиган катталар

Икки кун аввал ижтимоий тармоқларда бир видео тарқалди. Экопартия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев мактаб ўқувчилари билан учрашувда: «энди катталар учун дарахт экишни кўрсатиб берамиз» деди. Шу пайт ўқувчилардан бири беғуборлик билан сўради: «катталар дарахт экишни билмайдими?».
Партия раҳбари кулиб, «ҳа, катталар билишмайди, шунинг учун дарахтлар қуриб кетаяпти», деди. Аммо серсавол болакай яна қизиқди: «катталар мактабга бормаганми?»
Бу гап, гўё ҳазилдек эшитилса-да, жуда оғриқли ҳақиқатни очди: ростда биз дарахт экишни эмас, дарахт кесишни ўрганган жамият катталаримиз.

Тошкентда куни кеча 174 та дарахт кесилгани бўйича ҳамон баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Ахир кам эмас 174 та дарахтни улғайтиришнинг ўзи бўлмагандир. Бир дарахт вояга етгунича камида 30 йил керак. Энди экилган дарахтлар каттаргунча яна қанча қиш, қанча ёз ва қанча чанг-тўзон ва жазирамада жаззиллашимизга тўғри келади.
Gazeta.uz нашрининг ёзишича, пойтахтимизнинг Бобур кўчасида кесилган дарахт ва буталарнинг 151 таси соғлом бўлган. Ҳар доимгидек бизда «саллани олиб кел, деса калла оладиган»лар, касалванд дарахтларга қўшиб соғлом дарахтларнинг 150 дан зиёдини кесиб ташлаган. Аслида қандай топшириқ бўлгани бизга қоронғу...

Экология вазирлиги зарарни 1 миллиард 460 миллион 952 минг сўм деб ҳисоблаган. Президентнинг 90-сон қарори билан жорий этилган мораторий талаблари қўпол равишда бузилган.
Шаҳар ҳокимлиги масъуллар жазоланишини айтди, лекин шу савол ҳавода осилиб турибди: «Дарахт кесган фуқаролар жавоб беради», аммо дарахт кесишни буюрганлар кимлар, ахир кимдир буйруқ берган-ку ёки ҳар доимгидек «фуқаролар А.Б ва В.Слар...» деган алфавитли кроссворд ечиш билан шуғулланамизми?

Кесиш топшириғини ким берган?

Тошкент шаҳри ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Гулноза Қосимованинг Gazeta.uz нашрига берган интервюсига кўра, ҳокимлик ушбу дарахтларни кестириш ниятида бўлмаган, фақат кўчириш режаси бор эди. Аммо масъул ходимлар топшириқни нотўғри тушуниб, дарахтларни кесиб ташлаган.

Агар ростдан ҳам бу соҳада ўз ишини пухта бажара олмайдиган, минг бор узр, овсарроқ одамлар ишласа, балки уларни тиббий текширувдан ўтказиб ишга олиш керакдир. «Кесиш» билан «кўчириш» иборасининг фарқига бормаслик учун топшириқ берилаётганда ходим нима билан банд бўлиши керак?
Қосимова ҳатто кесиш ишлари нега тунда бўлганини шундай изоҳлади: «кечқурун, салқинда кўчирилган дарахтлар яхши илдиз олади».
Хўп, мақсад дарахтларни кўчириш (қаерга ва нима учун) экан, тунги вақт кўчириш учун танланган экан, нима учун кесиб ташланди...

Бироқ дендролог, Тошкент давлат аграр университети доценти Фарҳод Убайдуллаев буни фожиа деб атади: «Бу арчалар виржин турига мансуб бўлиб, заҳарли газлар, чанг ва иссиқликка чидамли. Видеоларда улар соғлом, кўм-кўк ҳолатда. Кесилган ҳар бир арча биофабрика эди. Улар шаҳарнинг ҳавосини тозалайди, иссиқни қайтаради».

«Экология бўлимларини ҳокимиятга бериш, бу фожеа»

Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев президент фармонига кўра, ўнга яқин вазирлик қаторида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳам бўлинмалари тажриба-синов тариқасида ҳокимликлар тузилмасига ўтказилаётганига муносабат билдирди.

«Жойлардаги экология бўлимлари маҳаллий ҳокимиятларга бериляпти. Бу «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида экологияни ўлдириш дегани. Афсуски, жойларда энг кўп мораторий талабларини бузаётган идораларни қарасангиз, бу маҳаллий ҳокимиятлар ҳиссаси тўғри келади... Бундан кейин ҳокимиятларни дарахт кесишдан ҳеч нарса тўхтатиб қолмайди. Шунинг учун мазкур қарорни қайта кўриш керак деб ҳисоблайман», дейди у.
Р.Кушербаевнинг сўзларига кўра, ривожланган мамлакатларда экология идоралари ҳукуматга эмас, парламент ёки президентга бўйсунади, чунки бу манфаатлар тўқнашувини олдини олади. Бизда эса аксинча.

Умуман олганда, дарахтларнинг кесилиши учун жавобгар, яшилликка масъул идоралар талайгина, лекин шунга қарамай дарахтларнинг эгаси йўқдек ва янаям ачинарлиси, айнан яшилликка жавобгар, табиатни асраб-авайлаши керак бўлган ваколатли ташкилотларнинг ўзи бузғунчиликка бош-қош бўлса дардингни кимга айтасан. Масалан, ободонлаштириш бошқармаларининг кўчаларни тозалашдан ташқари кўкаламзорлаштириш бўйича вазифалари ҳам бор. Наҳотки, ободликка масъул корхоналар ходимларининг бирортаси «ўзимиз ўтирган шохга ўзимиз болта ураяпмиз» дея ўйламаган, дарахт «жаллодлари»ни тўхтатишга уринмаган бўлса. Яъни шаҳар ҳокимлиги ва туман ободонлаштириш бўлимлари реконструкция, йўл ёки бинолар қурилишида «кесиш ёки кўчириш» лойиҳасига жавобгар эканлигини билмаса?

Аслида, 2019 йилда қабул қилинган қарорга кўра, ҳар бир кесилган дарахт учун 5 таси қайта экилиши керак. Бу амалда бажариляптими? Ва бу кўчатларни қанчаси кўкаради, қанчаси қурийди ва ҳавога совурилган қанча маблағ бюджетга зарар келтиради?

Ҳозир пойтахтдаги PM 2.5 ҳаво ифлосланиш кўрсаткичи 3 баравар (РМ 10) меъёрдан юқори. Ҳаво дарахтлар камайиши эвазига ана шундай ифлосланиб бораверади. Бир дарахт йилига 20-30 кг чангни фильтрласа, демак 174 дона дарахт 3-4 тонна чангни филтрлаган бўларди, энди эса аҳоли тонналаб чангни ютишга тайёргарлик кўриши керак...

Тадқиқотларда айтилишича, шаҳарда дарахтлар кесилган ҳудудларда ҳаво ҳарорати 4-8°C га ошади, чанг зарралари 30 фоизга кўпаяди, иссиқлик ороллари тез шаклланади. Бу нафақат экотизим, балки инсон соғлиғига ҳам таҳдиддир, аллергия, астма ва стресс даражаси ошади.

Дарахтларнинг нафақат ҳаво тозалаши, балки сув айланишига ҳам таъсир этишини жуда яхши биламиз. Илмий ҳисоботларга кўра, битта катта дарахт йилига 400–1000 литр сувни айланишга қайтаради. Дарахтларнинг кесилиши шаҳар микроклиматидаги намликнинг йўқолиши, ёмғир миқдорининг пасайишига ҳам таъсир қилувчи омил. БМТнинг «UN-Habitat» ҳисоботига кўра, миллион аҳолили шаҳарда ҳар бир одамга камида 9 м² яшил майдон тўғри келиши керак.

Тошкентда бу кўрсаткич охирги йилларда 5 м² атрофида. Бу кетишда янада камаяди, лекин айнан Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишиш (2022 йил) чоғида Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги яшил ҳудудлар 3 карра кўпайтирилиб, 25 минг гектарга етказилиши белгиланиши, бу орқали аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил майдон ҳозирги 3 квадрат метрдан 6 квадрат метрга ошишини алоҳида урғулаган эди. Бугунги ҳолатни хиёнат ёки саботаж деб бемалол айтсак бўлади, менимча.

«Катталар дарахт экишни билмайдими?» – болакай ҳақ экан...

Кесиш, сотиш, узр сўраш... ва яна кесиш... Сўнгги бир йилда дарахт кесилиши бўйича ҳолатлар тез-тез муҳокамаларга ва норозиликларга сабаб бўлмоқда. Наҳотки, мана шундай муҳокамалар бўлишини билиб туриб ҳам бемалол хатоликка йўл қўйиш мумкин. Ёки дарахт кесилишидан манфаатдор одамлар Ўзбекистонда нима бўлаётгани, дарахтларга мораторий жорий қилингани, аҳоли ғазабига учрашини билмаса.... билмасая...

Агар билиб туриб одамлар гапираверади, биз эса бир-икки одамни жазолаб қизармай, уялмай яшашда давом этамиз деб ўйлашган бўлса-чи? Энг қўрқинчлисиям шуда ўзи...
Дарахтлар кесилиши билан боғлиқ хабарларга кўз югуртирамиз: Қибрайда 30 йиллик дарахтлар кесилди: аҳоли норозилик билдирмоқда, Наманганда 4 туп қимматбаҳо дарахтни кесган фуқародан 326 млн. сўм зарар ундирилди... Сайхунободда 21 туп дарахтни сотган уч киши 2 йилга қамалди... (зарар 1 млрд сўм). Юнусободда дарахт қўпорган икки киши 5 суткага қамалди, 27,8 млн. сўм ундирилди...

Сўнгги савол

Демак, бу рақамлар, бу дарахтга нисбатан зўравонликлар биринчиси ва сўнгиси ҳам эмас.
Шунинг учун болакайнинг саволи қайта янграйди:
«Катталар дарахт экишни билмайдими?»

Майли, катталар дарахт экишни билмас, лоақал кесишни тўхтатиши керак...
Яна болакайнинг саволига қайтамиз: «катталар мактабга бормаганми?»

Биз эса тахмин қиламиз: катта эҳтимол билан улар ё мактабга бормаган ёки «иккичи» бўлган. Ахир мактабга борган одамда савод бўлади, онг, билим «кесиш» ва «кўчириш» деган гапларнинг фарқига боради, ё ростанам дарахт кесган катталар мактабга бормай вақтини бузғунчилик ва талон-тарожлик билан ўтказганмикан, нима дедингиз?

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг