Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентдаги «10–20 минг долларлик бекатлар» нархига изоҳ берилди

Тошкентдаги «10–20 минг долларлик бекатлар» нархига изоҳ берилди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ҳоким қарори билан қиймати 10-20 минг доллар бўлган намунавий автобус бекатлари қурилиши режалаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бекатларнинг нархи жамоатчилик ўртасида муҳокамалар ва эътирозларга сабаб бўлди.

Вазиятга Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази муносабат билдирди. Қайд этилишича, марказ жамоат транспорти бекатларини янгилаш жараёнини ўрганиб чиққан.

Маълум қилинишича, бекат мажмуаларини модернизация қилиш оддий металл конструкция ўрнатиш билан чекланмайди. Лойиҳа ҳудудни тайёрлаш, кутиш майдонларини кенгайтириш, қулай перронлар барпо этиш, пиёдалар йўлакларини ободонлаштириш, муҳандислик ва монтаж ишларини бажариш, хавфсизлик ҳамда рақамли тизимларни жорий этишни ўз ичига олади.

Янги бекатлар 24 соат ишлайдиган видеокузатув камералари, фавқулодда ҳолатларда «112» хизматига боғланиш имконини берувчи SOS тугмаси, автобуслар келиши вақти акс эттириладиган электрон таблолар, мобил қурилмаларни қувватлаш станциялари, вендинг аппаратлари, ўриндиқлар ва чиқинди қутилари билан жиҳозланиши режалаштирилган.

Шунингдек, бекатлар марказлаштирилган видеомониторинг тизимига уланади, фавқулодда алоқа тугмалари эса диспетчерлик инфратузилмаси билан интеграция қилинади. Автобус эшиклари баландлигидан келиб чиқиб махсус перронлар барпо этилади ва имконияти чекланган шахслар учун инклюзив муҳит яратилади.

Марказ маълумотига кўра, мазкур лойиҳалар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан эмас, давлат-хусусий шериклик механизми асосида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида бекатларни модернизация қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқини олган хусусий шерик реклама экранлари, вендинг аппаратлари, қувватлаш станциялари ҳамда бошқа сервис хизматлари орқали инвестицияларини қайтариш имкониятига эга бўлади.

Масъулларнинг таъкидлашича, бундай ёндашув шаҳар бюджетига қўшимча юклама туширмасдан замонавий ва технологик бекатлар инфратузилмасини яратиш имконини беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг