Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эшитилмаган дард ёки қарғиш тошни ёрадими?

Эшитилмаган дард ёки қарғиш тошни ёрадими?

foto: chatgpt

Нимадандир ёки кимдандир ғазабланганда қарғаётган одамни кўрганмисиз, қалбингиздан ўшанда нималар ўтган?

Интернетга кирсангиз қарғишга бағишланган мақолаларга, қарғиш олмаслик тўғрисидаги насиҳатларга, ҳаётни ўзгартиришга қодирлиги ҳақидаги фактларга, видеоларга дуч келасиз.

Бугунги айтмоқчи бўлганимиз қарғишнинг кучи ҳақида эмас... унга бошқа томондан қараш, айтайлик қарғаётган одам нима йўқотадию нима топади?   Йўқ бу мақола қарғиш нотўғри бўлса ўзига қайтиши ёки яқинига “уриши” ҳақида ҳам эмас...

Қарғиш қораламоқ(ми?)

“Ўзбек тили этимологик луғати”да қарғиш ёмонлик тилаб айтиладиган сўзлар деб изоҳланган. “Қадимги туркий тиллар этимологик луғати”да ҳам шундай маънони англатган бу сўз “лаънатлаш” маъносидаги қариғ феълидан ясалган, яъни қарғамоқ сўзи илдизидаги қар, кар, қара сўзлари “лаънатлаш, ғийбат, орқадан зарба бериш, ҳақорат” маъноларида келади дейилган. Яна ушбу луғатда қарғиш сўзининг илдизи “қорага бўяш” маъносида изоҳланганини ҳам кўрамиз.

Ўзи инсон нима учун қарғайди, хунук ва бир-биридан қўрқинчли ибораларни нега тилга олади, масалан: “оғзингдан қонинг келсин”, “жувормаг бўл”, “ёмонлигинг болангга урсин”. Ушбу қарғишлар жуда қўрқинчли ва ҳалокатли йўлга етаклайдигандек. Ахир, оғиздан қора қоннинг келишини ёки дўзахда ёнишни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат экан, нима учун бу гаплар айтилади ёки айтилмаса муаммо ҳал бўлмайдими?

Қарғамоқ — бу сўз айтилишдан олдин руҳдан бошланадиган қораликми? Одамнинг тафаккури ўша пайтда чуқур қоронғуликка кириб кетади ва ўша қоронғулик сўзга айланадими?

Инсон нега қарғайди? Психологияда жавоби бор...

“Мен, психолог сифатида ҳам, оддий аёл ва инсон сифатида ҳам бу темага негадир қизиқаман, деб ёзади ўз каналида психолог Мадина Мийтан. — Масалан, кузатувларимга кўра одамларимиз турли ноҳақликларга, адолатсизликларга жавобан қўллайдиган ибораларимиз бор: “Худога солдим”, “Худо жазоингни берсин”, “Дўзахга ўтин бўл”, “Болаларингдан қайтсин” ва ҳоказо. Бу иборалар ортида қандай психологик жараёнлар ётади? Бунинг илмий асоси нимада? Биринчидан, бу иборалар инсоннинг ўз ҳаёти устидан назорат йўқолишидан келиб чиқадиган стресснинг намоён  бўлишидир. Адолатсизликка дуч келганда кучсизлик ҳиссиёти пайдо бўлади. Инсон ўзининг воқеаларни бошқара олмаслигини англаганда, нохуш ҳис-туйғулар – ғазаб, қўрқув, ноумидлик юзага келади. Қарғиш, бу ҳолатда “ўзини оқлаш механизми” сифатида ишлайди.”

Психологнинг изоҳлашича, инсон бу пайтда ўзининг кучсизлигини тан олишни истамай, воқеаларни бошқаришга ҳаракат қилади – ҳатто, бу бошқариш ёлғон ва ишончсиз бўлса ҳам.

“Қарғиш, яъни “олий кучлар” га мурожаат қилиш, назорат иллюзиясини яратишга хизмат қилади, — дейди муаллиф. — Гўё, шу билан хотиржамлик ҳиссини туяди, аммо аслида бундай бўлмайди. Иллюзия бу. Иккинчидан, бундай эмоционал реакцияларнинг гендер жиҳати ҳам бор. Кузатишларимга кўра, аёллар кўпинча эркакларга нисбатан кўпроқ қарғайдилар. Бу тўла стереотип эмас, балки маълум даражада ҳақиқатга яқин. Аёллар кўпинча эмоционал экспрессионлиликка мойил бўлишади ва жамият томонидан қўшимча босимга эркакларга нисбатан кўпроқ учрайдилар. Улар ҳаётида бўлаётган ноҳақликларни ифода қилишда, айниқса, оилавий муносабатлардаги муаммоларни ифода этишда қарғиш шаклидаги реакцияларни кўп кузатишимиз мумкин. Бу, албатта, жамиятнинг аёллар билан боғлиқ тарбиявий ва ижтимоий нормалари, уларга қўйиладиган талаблар, уларнинг эмоционал экспрессионлигига бўлган муносабати билан ҳам боғлиқ. Хулоса қилиб айтадиган бўлсам “Худога солдим” каби иборалар инсоннинг кучсизлик ҳиссиёти ва стресс билан боғлиқ психологик ҳолатларининг намоён бўлиши. Бу ибораларнинг ҳеч қандай самараси йўқ, аксинча, улар инсоннинг салбий ҳис-туйғуларини кучайтиради ва стрессни оширади. Мабодо кимдирнинг қарғиши амалга ошган бўлса, бу шунчаки тасодиф ёки кўплаб бошқа омиллар сабаб. Ҳа, албатта кимнидир дилини оғритиш ва адолатсизлик қилиш ёмон.”

Мутахассиснинг хулосасига кўра: “кимнидир қарғаш орқали агар у амалга ошса ҳам барибир хотиржам бўла олмайсиз. Сизда танлов бор, ё сизга қилинган ёмон муносабатга соғлом ечим топасиз, фарқи йўқ қандай ҳаракатланасиз (яхши одам бўлиб ёки ёмон одам), ёкида кучсиз бўлиб худога соласиз-у эсдан чиқаролмай қарғаб юраверасиз....”

Ушбу мақолани ўқиганимда ўйлаб юрган саволларимга жавоб топгандек бўлдим. Демак, психолог таъкидлаганидек, қарғишнинг таъсири кўпинча реал лаънатда эмас, балки инсоннинг бунга ишонганида намоён бўлади. Ишонувчан одам қарғишни қабул қилади ва ўз ҳаётида салбий нарсаларни кузата бошлайди, бу фанда фақат ишончга мос белгиларни кўриш механизми дейилади.

Ўзини ўзи “жазолайди”ми?

Умуман олганда қарғишни ижтимоий босим қуроли десак бўладими, ҳа... Қарғиш айниқса катта ёшлилар ёки “авторитет” бўлган кишилар томонидан айтилганда кучли таъсир қилади: қўрқитиш ва назорат механизмига айланади, уят ва айб ҳисси орқали одамни “жазолайди”. Ҳатто мутахассисларнинг фикрига кўра, қарғиш инсонда айбдорлик, ички ёпиқлик ва фобияларни шакллантириши мумкин.

Фан нуқтаи назаридан қарғишнинг “космик кучи” исботланмаган. Аммо унинг психологик ва ижтимоий таъсири етарлича. Бу таъсир айниқса, болаликдан “қарғишдан қўрқиш”ни ўрганганларда, стресс ва руҳий босимга мойил инсонларда кучли бўлади.

Айтайлик, бола ёмон иш қилди, масалан, бировнинг ҳақига хиёнат. Шу пайт онаси: “Бошқа одамга ёмонлик қилсанг, лаънатига қоласан!” дейди.

Натижада бола нафақат “жазо”дан, балки кармага ўхшаш салбий оқибатдан қўрқади. Бу хулқ-атворни қўрқув орқали бошқариш усули. Бу ҳолатда қарғиш — жазо эмас, эҳтимолий жазо ҳақидаги сигнал. Шундай қилиб, одам хатти-ҳаракатини қайта кўриб чиқиши мумкин. Шу ўринда демак қарғишдан қўрқишнинг тарбиявий аҳамияти бор эканда, дея хулоса чиқаришга шошилманг, балки болани қарғишдан қўрқишга даъват қилишдан кўра, нима учун ёмонлик қилиш ёки бировнинг ҳақига хиёнат қилиш нотўғри эканлигини тушунтириш муҳимроқ.

Баъзи жамиятларда қарғиш кўпинча ахлоқий тартиб механизми сифатида ишлайди. Бу ҳақда социологияда ҳам тадқиқотлар бор, этнограф Эдвард Эванс-Притчард Судан ва Африка мамлакатларинии ўрганиш жараёнида қарғиш, жамиятда ҳуқуқий тизим йўқлиги боис қўрқув орқали назорат вазифасини бажарганлигини таъқидлайди. Яъни одамлар жиноятнинг ўзидан кўра қарғишдан, лаънатланишдан кўпроқ қўрқишган, чунки бу нафақат ўзини, балки оиласини ҳам қамраб олади деган ишонч бўлган.

Инсон мияси «ҳикоя қуришга» мойил...

Шу сабабли агар ёмон ҳодиса қарғиш айтилгандан кейин содир бўлса, мия автоматик равишда уларни боғлайди, гўё қарғиш ишлагандек, яъни воқеалар ўртасида реал боғланиш бўлмаса ҳам, одам уни бор деб ишонади. Хуллас, қарғиш кўпинча унинг айтилганида эмас, унга бўлган ишончда яшайди. Одам ўзини унга ишонтиради, шунчаки тасодифларни мантиқий боғлайди, ва “қарғиш тегди” деган сценарийни ўзи тузади.

Қарғиш одамнинг ички ҳолатини фош қилади

Психологлар фикрига кўра, оғир қарғиш ортида умидсизлик, алам, ўзини ночор ҳис қилиш, ҳеч нарсани ўзгартириш имкони йўқлиги ётади. Бундай одам аслида “жазолаш”ни эмас, эшитилишни истайди. У “мен сенга ёмонлик тилаяпман” демаяпти, аслида “менинг қалбимда яра бор, мен ночорман, мени ҳеч ким эшитмади” деб бақиряпти.

Қарғиш бу оғир тош. Уни отган одам ҳам, уриладиган одам ҳам оғриқ ҳис қилади.  Ва одамлар муносабатларидаги ҳақиқий енгиллик ва адолат тош отилмаганида эмас, уни олиб ташлаганда бошланади. Қалбингиздаги оғир тош — оғриқли оғир сўзларни олиб ташланг!

                                                                                     Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг