Бухоро марказидаги гумбирлаш овози: ИИБ изоҳ берди
Жорий йилнинг 10 июнидан 11 июнига ўтар кечаси Бухоро шаҳар марказидаги Гуличорбоҳ маҳалласи ҳудудида кучли гумбирлаш овози билан чақнаб кетган олов кўп сонли аҳолининг осойишталигиги бузган.
Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати масъулининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, 2006 йилда туғилган фуқаро Ш.Ж. онасининг туғилган кунини нишонлаш ва эсда қоларли суратлар олиш мақсадида бундан 7 ой олдин пойтахтдан олиб келинган 2 дона хавфли пиротехника воситасини осмонга отиб ишлатган.
Қаттиқ гумбирлаш овози атрофдаги аҳоли, айниқса, ёш болаларнинг қўрқувига сабаб бўлган. Бу ҳолат шу ҳудудда хизмат олиб бораётган вилоят Ички ишлар бошқармаси патрул-пост хизмати ходимлари эътиборидан четда қолмаган. Тезкор равишда кўрилган чоралар натижасида ҳуқуқбузарлик жойида тўхтатилган, воқеа жойида қолган салют қолдиқлари белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-прим-1-моддаси асосида (бунга кўра, айбдор қилмишининг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача жарима қўлланилиши мумкин) маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, унинг ҳаракатлари маҳалла фаоллари ва ҳудуд аҳолиси иштирокида муҳокама қилиниб, қатъий огоҳлантириш берилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter