Етказилган зарар учун тўланадиган компенсацияларни солиққа тортмаслик таклиф қилиняпти
Адлия вазирлиги эълон қилган тегишли қонун лойиҳасида ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда мулкдорга тўлаб бериладиган компенсацияни «даромад» сифатида эмас, балки мажбурий тарзда олиб қўйилган мулкнинг эвазига берилган қиймат деб баҳолаш таклиф қилиняпти.
Маълумки, ҳозирда мулкдорларга тўланадиган мазкур компенсация тўловлари учун ҳам солиқ ҳисобланади ва бу бунинг натижасида мулкдор компенсация тўловларининг бир қисмини йўқотмоқда.
Таъкидланишича, Ҳиндистон ҳамда Озарбайжон давлатлари қонунчилигида мулкдордан мажбурий олиб қўйилган мол-мулкларга нисбатан тўланган компенсация тўловларига даромад сифатида қараламайди ва улар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Шу боис ҳамда мулкдорларнинг молиявий барқарорлигини сақлаб қолиш ва солиқ юкини камайтириш мақсадида лойиҳада юқоридаги тартиб назарда тутилмоқда.
Шунингдек, маънавий зарар бўйича компенсация ҳам шахснинг шаъни, қадр-қиммати, руҳий ҳолати ёки бошқа номоддий ҳуқуқлари бузилиши оқибатида етказилган зарар таъсирини юмшатиш ва ҳуқуқий тикланишни таъминлаш учун белгиланади. Бу тўловнинг вазифаси шахсни бойитиш эмас, балки адолатни тиклаш, жабрланувчининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришдан иборат.
Бу борада Озарбайжон, Латвия, Эстония ҳамда Испания давлатлари қонунчилигида маънавий зарарни компенсация қилиш бўйича пуллик тўловлар даромад сифатида қараламайди ва улар солиқ солиш обекти ҳисобланмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда маънавий зарар бўйича тўловларнинг мазмунан даромад эмаслигини эътироф этиш ва солиқ юкини камайтириш орқали фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида Солиқ кодексига мазкур қўшимча киритилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter