Клавихонинг беш кунлик саёҳати
Ўшанда 1969 йилнинг 9 апрель куни эди. Клавихо деган номни илк бора учратганимдаёқ шууримда ўта ғалати тарзда ўрнашиб қолди. Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллик тўйига тараддуд кўрилаётганди. Шу муносабат билан темурийлар даври санъати ва маданиятини ўрганишга бағишланган халқаро симпозиумга тайёргарлик кетаётганди. Ана шу тайёргарлик доирасида СамДУ ва ТошДУ талабалари ўзаро мусобақалашадиган «Қувноқлар ва зукколар» телеўйинини ҳам ўтказиш кўзда тутилди.
Бизни, яъни бир гуруҳ талабаларни бўлажак беллашувга пухта тайёрланиш учун Тошкентга жўнатишди. Пойтахтдаги Кўкалдош мадрасаси ўшанда меҳмонхона вазифасини бажарар экан, шу ерга жойлашдик.
Эртасига бизни Алишер Навоий номли республика кутубхонасига олиб боришди.
Гуруҳ раҳбари бўлган домламиз, шоир Нормурод Нарзуллаев барчамизга иш тақсимлади, менга «Туркестанский сборник»ни қараб чиқиш топширилди.
«Туркестанский сборник», яъни Туркистон тўплами XIX асрнинг 60-йилларидан то 1916 йилга доир адабиётларни ўз ичига олган бўлиб, жами 591 томдан иборат, барча томлари бир хил шаклда таркибланган тўплам газета ва журналлардан кесиб олинган мақолалар ва баъзан бутун-бутун китобларни ўз ичига олади.
«Туркестанский сборник»нинг 273-томи эътиборимни тортди. Чунки ичини очганимда «Жизнь и деяния великого Тамерлана. Сочинение Клавихо» деган ёзувга кўзим тушди. Кейинги варақда эса (энди ўзбекчада келтираман): «Рюи Гонзалес де Клавихо. Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалиги» (1403–1404 йиллар). Асл матнидан таржима ва изоҳлар билан И.И.Срезневский таҳрири остида таркиб берилган. Санкт-Петербургда 1881 йили чоп этилган» деб ёзилган эди. Китобнинг ички саҳифалари бир томондаги испан ва иккинчи томондаги рус тилидаги ёнма-ён матнлар билан тўлғазилган.
Китобни ўқишга киришдим. Маълум бўлдики, мазкур асар Испаниядаги Кастилия ва Леон қироли Энрико Учинчи томонидан Амир Темур ҳузурига йўлланган Рюи Гонзалес де Клавихо бошлиқ элчилар босиб ўтган йўл хотираларидан иборат бўлиб, у испан элчисининг 1403-1406 йилларда Ўрта Ер денгизи соҳилидаги мамлакатларда, Туркияда, Кавказорти ерларида, Эрон ва Туронзаминда, хусусан, Амир Темур салтанати ҳудуди ва бевосита унинг саройида кўрган-билганларини, бу даврда элчининг қалбида кечган турли-туман ўй-фикрларини акс эттирган эди. 13 кишидан иборат элчилар гуруҳи 1403 йилнинг 22 май куни Жанубий Испаниянинг Кадис шаҳридаги бандаргоҳдан йўлга чиқиб, орадан 15 ой ўттанда, яъни 1404 йилнинг август ойи охирида Самарқандга етиб келади. 8 сентябрь куни соҳибқирон томонидан қабул қилинади.
Мен ушбу кундалик мазмунини қўлимдан келганича ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. 48 варақли оппоқ катак дафтаримга баъзи фикрларни қисқа-лўнда кўчирдим. Элчининг Амударёдан ўтиши, Термиз, Шаҳрисабз, Самарқанд шаҳарлари, йўллар, қишлоқлар, машҳур Темир дарвоза, Оқсарой ва бошқа маҳобатли бинолар тасвири, соҳибқирон Амир Темур ҳузуридаги қабул маросимлари, тўйларнинг ўтказилиши батафсил ёзилганди...
Камина ўша кунларни ҳалигача унутмайман. Гарчи у пайтдан буён кўп сувлар оқиб ўтиб, замонлар неча эврилиб, мустақиллик неъмати бизга насиб этиб, марҳум улуғ олим Очил Тоғаев таржимасида Клавихонинг кундалиги ҳам тўла китоб ҳолида она тилимизда жарангловчи маънавий мулкка айланиб улгурган бўлса-да, ўша талабалик оқ конспект дафтаримни қўлга олганимда ҳар доим ҳаяжонга тушавераман, соҳибқироннинг яқинларига қарата ўз таржимамда ёзиб қўйган: «Бу элчиларга қаранг, уларни дунёнинг чеккасида яшовчи ўғлим, фаранг қироллари орасида энг зўри Испания қироли юборган. Улар ҳам улуғ халқ! Ўғлим қиролга ташаккуримни изҳор қиламан. Ўғлим шундай мактубни совғаларсиз юборганида ҳам жуда хурсанд бўлган бўлардим, чунки унинг аҳволи ва соғлигини билиш менга қувонч бағишлайди!» деган сўзларини яна ва яна ўқиб руҳиятим кўтарилади.
Биз, сурхондарёликлар Клавихонинг сўзлари орқали Термизнинг ўша пайтларда «анча-мунча аҳоли яшайдиган каттагина шаҳар» бўлганини билиб оламиз. Кундаликда ёзиладики, «Атрофи девор билан ўралмаган: бу ерда боғ-роғлар кўп, сув мўл эди. Шаҳар ҳақида мен сизга фақат шуни айтишим мум-кинки, дея таъкидлайди элчи, унга кирганимиздан сўнг шу қадар кўп йўл юрдикки, бизга ажратилган бинога етиб келганимизда батамом ҳолдан тойиб қолган эдик. Бутун йўл давомида ҳар хил нарсалар билан савдо қилинаётган гавжум майдонлар ва кўчалардан ўтдик» (Рюи Гонзалес де Клавихо. «Самарқандга – Амир Темур саройига саёҳат кундалиги» (1403-1404 йиллар), Очил Тоғаев таржимаси. Тошкент. 2010 йил. 143-бет).
Элчилар 1404 йилнинг 21 август пайшанба куни Термизга келган бўлсалар, эртасига тушликдан сўнг яна йўлда давом этганлар. Икки кун давомида обод манзилларни оралаб юришган, дам олиш ва тунаш вақтларида гўштли таомлар, мева-чева, шароб ва қовун билан сийланганлар. Термиздан кейинги саёҳатнинг учинчи кунида дарё бўйида тунни ўтказишиб йўлни давом эттирадилар ва чўққилари баланд тоғ этагида тушлик қиладилар – бу Темир дарвоза эди. Клавихо тасвирлаб ёзиб қолдирган баландликдаги хоч шаклли ажойиб бино ҳозирги кунда тўла бузилиб кетган Шерҳожи қўрғони деб ўйлайман.
Темир дарвоза Клавихода жуда катта таассурот қолдиради...
Унинг вилоятимиз ҳудудидаги саёҳати беш кун давом этган эди.
***
2004 йилда Амир Темур давлати билан Кастилия ва Леон қироллиги ўртасида дўстлик алоқалари ўрнатилганининг 600 йиллик санаси Испания ва Ўзбекистонда муносиб нишонланди.
Бир пайтлари аждодлар бошлаган хайрли анъаналар бугунги авлодлар томонидан муваффақиятли давом эттирилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2003 йилда Испанияга давлат ташрифи алоҳида аҳамият касб этади.
Клавихонинг номи ва унинг қайтадан баралла акс-садо бераётган тарихий хизматлари чуқур ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлмоқда. Биз, сурхондарёликлар умуминсоният тарихида ўзидан доимий тирик ёдгорлик қолдирган ва унда вилоятимиз ҳудудлари ҳақида ҳам фикрларини баён этган Клавиходан алоҳида миннатдор бўлишимиз керак. Сурхондарёнинг узоқ тарихида сайёҳлар, олимлар, дарвишлар, жангчилар кўп бўлган, айримлари хотиралар ёзиб қолдирган. Аммо улар орасида соҳибқирон шарофати ила дунёнинг икки четини боғлаган ва бугунги кун учун ҳам бебаҳо маълумотлар қолдирган Клавихонинг ўрни бўлакча.
Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, Термиз шаҳрида Клавихо юрган йўл Аму бўйидан тахминан Салавотгача бўлган жойларга тўғри келишини ҳисобга олиб унинг номини абадийлаштириш, бизнингча, халқимизнинг тарихий хотира ва анъаналарига жуда муносиб бўлар эди.
Абдулла Холмирзаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter